Фан-техника | 19:52 / 01.11.2016
8559
2 дақиқада ўқилади

Meizu 100 долларлик янги смартфонини намойиш қилди

Хитойнинг Meizu смартфонлари ишлаб чиқарувчиси навбатдаги бюджет аппаратини тақдим қилди. Meizu'нинг янги M5 қурилмаси компаниянинг аксарият смартфонларидан пластик корпуси билан ажралиб туради. Шундай бўлса-да, у ўз хусусиятларига кўра, кичик металл моделлардан қолишмайди. GSMArena шу ҳақида маълум қилди
 
M5 ташқи кўринишидан кўпроқ iPhone 5c'га ўхшаб кетади. Хусусиятларига кўра эса, Meizu M5 бундан аввал намойиш этилган M3s бюджет моделига ўхшаб кетади: саккиз ядроли процессор, Mali T860 графикаси, 2 ёки 3 Гб оператив хотира ва 16 ёки 32 Гб flesh-хотирага эга. 

Экран каттароқ: 5,2 дюйм. Панель атрофлари шиша билан ҳимояланган. Смартфон LTE тармоқларида ишлайди, унда nano-SIM форматидаги икки карточка ёки бир microSD хотира картасини қўллаш мумкин. Meizu M5 вазни 138 грамм, аккумулятор сиғими эса - 3070 мАч.

Хитойда қурилманинг 2/16 Гб хотирали версияси тим қора, кўк, феруза, тилла ва оқ рангларда 699 юандан сотилади. 3/32 Гб хотирали версияси эса 899 юанга тушади. Қурилманинг Хитойдаги сотувлари ноябрь ойида бошланади. Смартфоннинг бошқа бозорларда қачон пайдо бўлиши ҳозирча номаълум.
 
 

Мавзуга оид