17:52 / 03.11.2016
7248

Honda иккита тезлик рекордини ўрнатгани маълум қилинди

Япониянинг Honda компанияси ишлаб чиққан реактив самолёти ишбилармонлар авиацияси тоифасида иккита тезлик рекордини ўрнатди. Бу ҳақда, Япония компанияси матбуот хизмати хабар қилмоқда. 

2016 йил апрелида HondaJet АҚШнинг Нью Жерси штатидаги Тетерборо аэропортидан Флорида штати Форт-Лодерейл шаҳрига рекорд натижа - 2 соат 51 дақиқада етиб борган эди. Самолёт ҳавода қарши шамол тезлиги соатига 112 км бўлган ҳолда соатига 769 км тезликда парвоз қила олган. 

Июль ойида бизнес-жет Массачусетс штати Бостон шаҳридан Флориданинг Палм-Бич шаҳригача бўлган масофани 2 соат 58 дақиқада босиб ўтган ва бу сафар энг юқори тезлигини соатига 782 кмга етказган. «Хонда»да маълум қилишларича, бу мазкур тоифадаги авиация транспорти учун мутлақ рекорд кўрсаткичдир. 

Серияли HondaJet самолётини барпо этиш ишлари 2014 йилда якунланди. Енгил реактив самолёт Япония автомобилсозлик компаниясининг Америкадаги юз фоизлик шўъба корхонаси ҳисобланувчи Honda Aircraft Company томонидан ишлаб чиқилди. 

HondaJet самолётига иккита крейсерлик қуввати 3755 от кучига эга двигатель ўрнатилган. Парвозининг максимал баландлиги 13 кмдан ошувчи ҳаво лайнери 2266 километр масофагача учиб бора олади. Унинг бортига кўпи билан 6 нафар йўловчи кетиши мумкин. Бу самолётнинг биринчи нусхаси АҚШда сотилган бўлса, 2016 йил апрелидан Европа бозорига ҳам етказила бошланган. HondaJet нархи 4,5 млн доллар атрофида туради.

 

 

Top