Жаҳон | 22:07 / 07.11.2016
17339
6 дақиқада ўқилади

Дунё етакчилари АҚШдаги президентлик сайловлари ҳақида

Фото: Getty Images

2016 йилда бутун дунё эътибори АҚШдаги сайлов олди пойгасига қаратилди. Деярли барча таниқли инсонлар бу воқега ўз муносабатини билдирди. Politico нашри дунё етакчиларининг АҚШдаги президентлик сайловларига муносабатини бир мақолага жамлаб, ҳавола қилди:

1. Кристофер Пейн, Австралия мудофаа вазири:

"Бу жуда қўрқинчли. Америкада зўравонликка айланиб кетаётган намойишларни кўриб турибмиз. Сўзсиз демократия кучли бўлиши керак, бироқ шафқатсиз эмас. Фикримча, Дональд Трампнинг пайдо бўлиши — АҚШ учун катта муаммо, бу уларнинг демократиясини қисман жуда ғалати кўрсатади".

2. Зигмар Габриэль, Германия вице-канцлери: 

"Дональд Трамп, Марин Ле Пен, Герт Вил­дерс — буларнинг барчаси нафақат дунё ва ижтимоий бирдамликка, балки иқтисодий тараққиётга ҳам таҳдид солади". 

3. Жастин Трюдо, Канада бош вазири Трамп ғалаба қозонган тақдирда америкаликлар миграцияси имконияти ҳақида:

"Гап шундаки, Кейп-Бретон (Янги Шотландия шимоли-шарқидаги орол, Канада) йилнинг барча мавсумларида ажойибдир. Агар инсонлар ўз қарашлари фойдасига танловни амалга оширишса, Канада эшиклари улар учун доим очиқ бўлади". 

4. Франк-Вальтер Штайнмайер, Германия ташқи ишлар вазири Трампнинг "Энг аввало Америка" (America First) тамойили ҳақида: 

"Умид қиламанки, АҚШ сайлов кампаниясининг аъзолари реаллик ҳиссини йўқотишмайди. Дунё хавфсизлик меъморчилиги ўзгарди, у энди икки устунга таянмайди. Уни бир томонлама ҳал қилиб бўлмайди". 

5. Турк ибн Фейсал Ас-Сауд, Саудия Арабистони шаҳзодаси ва мамлакатнинг АҚШдаги собиқ элчиси, Трампнинг мусулмонларни киритишни тақиқлаш таклифи ҳақида: 

"Америка Қўшма Штатларидек давлат "Бу инсонларни мамлакатга қўймаймиз", дейдиган кишини президент сифатида танлашига ҳеч қачон ишонмайман". 

6. Кэнъитиро Сасаэ, Япониянинг АҚШдаги элчиси: 

"Сайлов олди пойгаси давомида АҚШнинг изоляцион позицияси фойдасини кўзловчи сўзлар янгради. Мен бундай Қўшма Штатларни кўришни истамайман. Мен фақатгина Америка билан чекланиб қолмайдиган, кучли мамлакатни кўришни хоҳлайман". 

7. DPRK Today устуни, Шимолий Корея (Трампнинг Сеул тўловларни амалга оширмаса, Жанубий Кореядан АҚШ  қўшинларини олиб чиқишни таклиф қилганидан кейин чоп этилган мақолада): 

"Трамп таърифланганидек аҳмоқ, қўпол ва тарбиясиз эмас экан, аксинча, у доно сиёсатчи ва узоқни кўра билувчи инсон бўлиб чиқди".

8. Клаудиа Руис Масье, Мексика ташқи ишлар вазири:

"Бугун, XXI асрда, АҚШда жорий этилган муросасизлик атмосферасида шундай хабар янграмоқда: мексикаликлар кетишлари керак. Бирор бир жиҳати билан ажралиб турувчиларни изоляция қилиш, озчиликни айбдор қилиш, бегоналарни қоралаш".

9. Башар Асад, Сурия президенти: 

"Бизнингча, ҳозир уларнинг сиёсий аҳволи рекорд даражада паст. Биз ҳар сафар АҚШнинг бўлғуси президенти аввалгисидан донороқ бўлишига, пироманияга йўлиқмаганлигига ҳамда урушга йўналмаганлигига умид қиламиз. Амалда эса буни кўрмаймиз. Президентлар орасидаги фарқ катта эмас. Шундай экан, биз аввалгидек бўлмаса-да, умид қилишда давом этамиз".

10. Франция президенти Франсуа Олланд Трамп ҳақида:

"Унинг қилиқлари ҳаттоки АҚШ аҳолисининг ҳайратига сабаб бўлмоқда, айниқса президентликка номзод шахс зобитлар, уларнинг хотираси ҳақида яхши гап гапирмаса. Агар Трамп ғалаба қозонса, бунинг оқибатларини узоқ кутишга тўғри келмайди, чунки Америка сайловлари - бу дунё сайловлари. Демократия ҳам хавф остида қолади".

11. Андерс Фог Расмуссен, НАТОнинг собиқ бош котиби, Барак Обаманинг ҳарбий кучларни қўллашни истамаслиги ҳақида:

"Америка чекинганидан сўнг бу маконда бўшлиқ пайдо бўлади ва уни тезда "ёмон йигитлар" эгаллайди".

12. Сергей Лавров, Россия ташқи ишлар вазири:

"Инглиз тили она тилим эмас, шу боис менинг сўзларим "муносиб" янграшига ишончим комил эмас. Икки партиянинг ҳам сайлов олди кампанияларида ҳаддан зиёд кўп "мушуклар" кезмоқда. Шунинг учун бу масалани изоҳламаганим афзал". 

13. Родриго Дутерте, Филиппин президенти, Хитойдаги ишбилармон доира вакиллари билан учрашувда:

"Америка мағлуб бўлди. Мен ўз қарашларимни қайта кўриб чиқдим. Эҳтимол, мен Путин билан суҳбатлашиш ва унга энди ҳаммага қарши учовлон (Хитой, Филиппин, Россия) эканимизни айтиш учун бориб келарман. Бу ягона йўл".

14. Россия президенти Владимир Путин: 

"Афсонавий, ўйлаб топилган муаммолар қаторига АҚШ жазаваси ҳам киради, Россиянинг Америкадаги президентлик пойгасининг боришига таъсири борасида бундан бошқа сўз айта олмайман. Одамлар эътиборини гўёки россиялик хакерлар, жосуслар ва агентларга қаратиш осон. Наҳотки кимдир Россиянинг Америкадаги сайловларга ҳақиқатдан ҳам таъсир ўтказиши мумкинлигига жиддий қарайди? Америка - "бананлар ўлкаси" эмас, буюк мамлакат, ахир". 

 

Мавзуга оид