Клинтон ва Обама АҚШ президентлик сайловлари арафасида сўнгги митингни ўтказишди
АҚШ президенти Барак Обама ва давлат раҳбарлиги учун демократлар номзоди Ҳиллари Клинтон президентлик сайлови олдидан охирги қўшма митингни ўтказишди. У Пенсильвания штати Филадельфия шаҳрида ташкил этилди.
Дастлаб саҳнага собиқ давлат котибининг турмуш ўртоғи Билл Клинтон ва Американинг амалдаги биринчи хоними Мишель Обама чиқишган. Обама хоним, яна бир бор Ҳиллари Клинтонни "президент бўлишга тайёр ягона инсон", - деб атаган. "Эртага биз яна бир янги тарихни ярата оламиз", - дея таъкидлаган Мишель Обама.
Шундан сўнг, Оқ уй раҳбари сўзга чиққан. У ўз маърузасини маъмурияти эришган ютуқларни ёдга олишдан бошлаган. Обама, хусусан, иш ўринлари сони ортгани, қайта тикланувчи энергия ривожлангани, қашшоқлик даражасининг пасайиши, шунингдек, "Ал-Қоида" етакчиси Усома бин Лодиннинг ўлдирилишини эслаб ўтган.
Обама ўз нутқида Дональд Трампни танқид қилган. Унинг айтишича, Трамп давлатни бошқариш салоҳиятига эга эмас.
Бундан ташқари, - дея давом этган Обама, миллиардер "олий бош қўмондон вазифасини ҳам бажаришга лойиқ эмас". Унинг фикрича, "агар Трамп маслаҳатчилари унга Twitter саҳифасидан фойдаланишига рухсат бермаётган экан, унга ядро қуроли кодларини қандай ишониш мумкин?" "Аммо, сиз бошқа муносиброқ кишига овоз бериш имконига эгасиз", - деб хулоса қилган президент.
Шундан сўнг, сайловчилар ва тарафдорларига қарата нутқ қилган Ҳиллари Клинтон, биринчи галда, "8 йил мобайнида мамлакатга хизмат қилган" Обамалар жуфтлигига миннатдорлик билдирган. Унинг сўзларига кўра, эндиликда Америка халқи "кучли етакчи ва барчасини хавф остига қўйиши мумкин бўлган икки кишидан бирини танлаши керак".
"Биз менинг рақибимни, унинг кимлигини жуда яхши биламиз. Шундай экан, муаммо, ўзимиздан кейин қандай мамлакат қолишини хоҳлашимизда", - деган собиқ давлат котиби.
"Эртага бюллетенларда фақатгина менинг ва Дональд Трампнинг исми-шарифи турмайди, балки сизни ўйлантираётган муаммолар кун тартибига қўйилган, - дея таъкидлаган Клинтон хоним. – Бироқ, бу бошланиши, чунки биз мамлакатдаги турли қарашларга барҳам беришимиз керак".
Сиёсатчи, шунингдек, "бу сафарги сайловолди кампанияси кескин руҳда ўтганидан афсус" билдирган.
Мавзуга оид
13:58
«Трамп урушларни тўхтата олмайди» – америкалик сиёсатшунос Женнифер Брик
12:46
Икки марта аёлларни ютган Трамп: АҚШнинг янги-эски президенти ҳақида қизиқарли маълумотлар
12:37
Пуэрто-Рико аҳолиси яна бир бор АҚШ таркибига қўшилиш учун овоз берди
09:59