Ўзбекистон сайлов арафасида: 3 декабрь - «Жимлик куни»
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари Мирзо-Улуғбек Абдусаломов сайлов участкалари овоз бериш жараёнини ўтказишга 100 фоиз тайёрлигини қайд этди.
"Биз овоз беришни ўтказишга юз фоиз тайёрмиз, - деди Мирзо-Улуғбек Абдусаломов. – Умид қиламизки, биринчи Президент Ислом Каримов вафотидан кейинги сайловлар ҳам ошкора ва шаффоф, демократик тамойилларга мос равишда бўлиб ўтади". "Меҳмонлар эса миллий анъаналаримизга гувоҳ бўлишлари ҳам мумкин", - деб қўшимча қилган МСК раиси.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси республикада фаолият юритувчи тўртала сиёсий партия томонидан давлат раҳбарлиги учун илгари сурилган номзодларни рўйхатга олди.
"Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаш раиси, социолог, иқтисодчи, Қонунчилик палатаси вице-спикери Сарвар Отамуратовни президентликка номзод сифатида тақдим этди.
Ўзбекистоннинг ҳукмрон ЎзЛиДеП – тадбиркорлар ва ишбилармонлар партияси давлат раҳбари вазифасини бажарувчи, Бош вазир Шавкат Мирзиёевни илгари сурди. Техника фанлари номзоди 2003 йилдан буён ҳукуматни бошқариб келади.
"Адолат" социал-демократик партиясидан ижроия қўмита раиси Наримон Умаров президентлик учун курашда яна бир бор ўз кучини синаб кўришга қарор қилди. У 2015 йилги президентлик сайловида ҳам номзод сифатида иштирок этган эди.
Ўзбекистондаги энг кекса сиёсий ҳаракат – Халқ демократик партияси Марказий кенгаш раиси Хатамжон Кетмоновни илгари сурди. Айтиш жоизки, халқ таълими тизими ва Андижон вилояти ҳокимлигида ишлаган Кетмоновнинг ҳам президентлик учун курашда тажрибаси бор. Кетмонов 2015 йилги президентлик сайловида номзод сифатида қатнашган эди.
Сайловда иккинчи тур бўладими?
Сайловларда иккинчи тур бўлиши эҳтимоли жуда ҳам кам. Тўрттала номзод сайловолди қароргоҳидагиларнинг барчаси деярли шундай фикрда. Аммо, республика сайлов қонунчилигида иккинчи турни ўтказиш ҳолатлари эътибордан четда қолмаган. Унга кўра, номзодларнинг ҳеч бири 50 фоизлик овозни тўплай олмаса, иккинчи тур ўтказилади. Бунда, ҳар қандай юқори натижа ҳисобга олинади ва умумий сайловчиларнинг 33 фоизи қатнашса, сайлов бўлиб ўтган ҳисобланади.
МСК бу йилги ижтимоий жараёнда бир кишининг бошқа оила аъзолари учун овоз бериш амалиётига қатъий чек қўйиш истагини намоён этмоқда. Абдусаломовнинг сўзларига кўра, сайловчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ишларига жиддий эътибор қаратилган.
"Биз оилавий овоз бериш масаласи устида ишладик, - деган МСК раиси. – Бир сайловчи бир нечта паспорт билан келиб, овоз беришига чек қўйиш ниятидамиз".
Унинг қайд этишича, оилавий овоз берганлик учун, енгил бўлса-да, профилактика нуқтаи назаридан маъмурий жавобгарлик белгиланган.
Республика МСКга кўра, мамлакатдаги барча сайловчиларга ўз фуқаролик ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун тенг имконият ва шароитлар барпо этиш мақсадида катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилган. Хусусан, имконияти чекланганлар, ногиронлар учун махсус чоралар белгиланган. Кўзи ожиз сайловчилар учун биринчи марта Брайл алифбосида сайлов бюллетенлари нашр қилинган. Ҳар бир сайлов участкасида ногиронлар аравачасига мўлжалланган алоҳида ўрин ажратилган.
Сайлов куни беморлиги сабабли, участкага бора олмайдиганлар учун навбатчи гуруҳлар ташкил этилган. Бунда бемор сайловчи ўзи бириктирилган сайлов участкасига қўнғироқ қилиши кифоя. Унинг манзили бўйича махсус қути ҳамда овоз бериш бюллетени олиб келинади.
Бундан ташқари, тонгги соат 6:00дан кечки 20:00гача очиқ бўладиган сайлов участкаларида 18 ёш ва ундан катта бўлган ҳар бир сайловчининг исми-шарифи рақамланган ҳолда киритилган.
МСК овоз бериш учун белгиланган муддат якунлангач, бюллетенларни санаш ишларини йўлга қўяди. Овоз натижалари қўлда, бирма-бир санаб чиқилади. Бунинг учун Комиссияга 10 кун ажратилади. Мамлакат сайлов қонунчилигига кўра, экзитполлар ўтказилмайди.
Сайлов натижалари расман эълон қилингач, 2 ой ичида янги президент инаугурацияси ташкил этилади. Давлат раҳбари ҳар бири 5 йил муддатдан икки маротабадан ортиқ сайлана олмайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон бўйлаб ташкил этилган 14та сайлов округларида 9378та, шу жумладан Ўзбекистоннинг 44та хорижий дипломатик ваколатхоналаридаги 44та сайлов участкаси сайловчиларни қабул қилишга шай ҳолатга келтирилган.
Ўзбекистон МСК эътироф этганидек, сайловолди ташвиқоти даврида бирорта қоидабузарлик ҳолати рўйхатга олинмаган. Шу билан бирга, республикадаги президентлик сайловлари тарихида илк бора "сукунат куни" эълон қилинади.
"3 декабрь куни ташвиқотлар ўтказиш тақиқланган, - деб ойдинлик киритган Абдусаломов. – Сайловлар кунида ҳам, табиийки, ҳеч қандай ташвиқот ўтказилмайди". "Биз турли демократик давлатлар тажрибаларини ўргандик ва у фойдали деган хулосага келдик", - дея қўшимча қилган МСК раиси.
Шундай қилиб, 2 декабрь кечки соат 20:00дан кейин барча ташвиқот мазмунидаги плакатлар олиб ташланади.
Бу йилги сайловларнинг яна бир эътиборли жиҳати шундан иборатки, Ўзбекистондаги президентлик сайлови ташкил этилишига хорижий давлатлар ва ташкилотларнинг жиддий қизиқиш билдирганидир. 600 нафар атрофидаги халқаро кузатувчилар, 1300 нафар рўйхатдан ўтган ОАВ ходимлари, шу жумладан 60дан ортиқ хорижий журналист сайлов жараёнини бевосита кузатишади ҳамда халқаро меъёрлар ва миллий қонунчилик талабларига нақадар амал қилингани хусусида хулосаларини беришади.
Абдусаломовнинг сўзларига кўра, дунёнинг 50га яқин мамлакати республикадаги сайлов жараёнига қизиқиш билдирган. Хусусан, АҚШдан 20 нафар халқаро кузатувчи келиши таъкидланмоқда.
"ЕХҲТ эса илк маротаба кенг қамровли миссиясини сафарбар этди, - деб таъкидлаган МСК раиси. – Агар аввалги сайловларда 20 нафар кузатувчи келган бўлса, бу сафар 250 нафар қисқа муддатли ҳамда 35 нафар узоқ муддатли кузатувчилар ҳақида сўз бормоқда".
Булардан ташқари, Ўзбекистондаги навбатдан ташқари президентлик сайловларини кузатиш учун МДҲ Ижроия қўмитаси, ШҲТ, ИҲТ, Бутунжаҳон сайлов органлари ташкилоти ҳам таклиф этилган.
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
19:13 / 02.11.2024
Олий Мажлис Сенати аъзолари сайловини ўтказиш санаси белгиланди
21:21 / 17.10.2024
Ўзбекистоннинг ШҲТ бюджетидаги улуши маълум бўлди
18:07 / 16.10.2024