Жаҳон | 18:15 / 16.12.2016
9049
2 дақиқада ўқилади

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Идлиб тақдиридан огоҳлантирди

Фото: AP

Суриянинг Ҳалаб шаҳридан Идлиб вилоятига тинч аҳоли вакиллари билан бирга жангарилар ҳам оилалари билан кўчирилмоқда. Бу вилоят қуролланган гуруҳлар назоратида. Озод қилинган Ҳалаб шаҳрида 50 мингга яқин киши қолмоқда. Уларнинг 40 минг нафари маҳаллий аҳоли, 10 минг киши исёнчилар ва уларнинг оила аъзолари бўлиб, сўнгги гуруҳ ҳам вақти келганда Идлиб вилоятига юборилади. 

БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистуранинг фикрича, Идлиб Ҳалаб тақдирини такрорлаши мумкин. У Франция ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эйро билан Парижда ўтказган учрашувидан сўнг, шундай фикрни билдирган, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги.

«Сиёсий келишувларсиз, ўт очишни тўхтатиш борасидаги битимларсиз Идлиб иккинчи Ҳалабга айланиши мумкин», — деган де Мистура.

15 декабрда Сурия армияси Ҳалабдаги барча жангариларни улар назорат қилаётган мавзелардан қувиб чиқаргани маълум бўлди. 

Россия ҳарбийларининг таъкидлашича, 900дан ортиқ экстремист йўқ қилинган. Ўнлаб оғир қурол-аслаҳа ва техникалар вайрон қилинган. 3 мингдан ортиқ жангари кўнгилли равишда Ҳалабни тарк этган. Уларнинг ярмидан кўпи авф қилинган, деб маълум қилган Россия Бош штаби Бош оператив бошқармаси раҳбари ўринбосари  генерал-лейтенант Виктор Познихир.

Сурия президенти Башар Асад Ҳалабнинг озод қилинишини тарихнинг милоддан аввалги ва кейинги давр сифатида бўлинишига қиёслаган эди. 

2016 йил декабрь ойи ўрталарида Сурия қўшинлари Ҳалабни тўлиқ эгаллади. 

Мавзуга оид