Жаҳон | 19:26 / 16.12.2016
13574
2 дақиқада ўқилади

Душанбеда Марказий Осиёда энг катта театр барпо этилмоқда (фотоҳисобот)

Тожикистон маданият вазирлиги ўз сайтида Марказий Осиёда энг катта театр қурилиши қандай кетаётганлигига оид фотоҳисоботни тақдим этди. Вазирлик маълумотларига кўра, бино пойдеворининг 80 фоизи қуриб бўлинган. 

Янги театр "Тожикистон миллий байроғи" парки ҳудудидаги музей ёнида қад кўтармоқда. Маданият вазирлиги хабарига кўра, театр биноси икки қаватли ер ости иншооти ва баландлиги 34,5 метрли 5 қаватли асосий иншоотдан иборат. 

Лойиҳага кўра, у 3 катта зал ва кўплаб кичик заллар ҳамда бошқа бўлимлардан иборат бўлади. Асосий корпусда 2500, 1200 ва 1000 кишига мўлжалланган заллар хизмат кўрсатади. 

Асосий корпуснинг баландлиги 16-18 метрни ташкил қилади, саҳна ўлчамлари - 302х1,6 метр. Оркестр ўтирадиган жой ҳам шу ерда бўлиши кўзланган. Саҳнанинг икки томонида замонавий гримхоналар, репетиция заллари ва бошқа иншоотлар жойлашган. Юқори қаватларда кўргазма ва бадиий салонлар, репетиция заллари ва устахоналар, ўқув хоналари бўлади. 

Ер ости иншоотида 250 автомашинага мўлжалланган автотураргоҳ ва кўплаб техник устахоналар бўлади. 

Марказий Осиёда энг катта бўлиши кутилаётган театр қурилишига тахминан 680 миллион сомоний ажратилган. 

 

Мавзуга оид