Жаҳон | 20:17 / 16.12.2016
6894
2 дақиқада ўқилади

Туркия суриялик қочқинлар учун лагерь қурилиши ҳақида эълон қилди

Фото: IHA

Ҳалабнинг шарқий ҳудудидан эвакуация қилинган аҳоли Суриянинг Идлиб провинцияси ҳудудига жойлаштириладиган бўлди. Бу ҳақида Турк Қизил ярим ой жамияти раҳбари Карим Киникнинг хабарига асосланиб,  Anadolu агентлиги маълум қилди

Унинг сўзларига кўра, Идлиб ҳудудида қочқинларга 10 минг чодирли лагерь қурилиши режалаштирилмоқда. Лагерь турк чегарасидан 6-7 километр нарида, Ҳайтай провинцияси яқинида барпо этилади. 

Киникнинг таъкидлашича, турк чегараси яқинидаги лагерда мактаб, тиббиёт маркази, дам олиш масканлари, мобил ҳожатхоналар ва ювиниш хоналари ташкил этилади. 

"Лагерни ташкиллаштириш билан боғлиқ дастлабки ишларга 3-4 кун кетади. Шунга мувофиқ инфратузилма тайёрланмоқда", - деди Киник. 

Туркия ва Россиянинг ўқ узишни тўхтатишга доир фаол ҳаракатлари натижасида эришилган келишувга кўра, Ҳалабдан минглаб тинч аҳоли ва мухолифат жангчилари эвакуация қилинган. Таъкидлаш жоизки, эвакуация жараёни ҳануз давом этмоқда. 

Ҳалаб Сурия шимолида жойлашган бўлиб, у мамлакатнинг катталиги бўйича Дамашқдан кейинги иккинчи шаҳри ҳисобланади. Ҳалаб турк чегарасидан 40 километр масофада жойлашган. 

Суриядаги уруш 2011 йилнинг мартида норозилик намойишларининг ҳарбий тўқнашувга айланиб кетиши натижасида бошланган - ҳарбийлар намойиш иштирокчиларига қарата ўқ узишган. БМТ маълумотларига кўра, қуролли тўқнашув чоғида 400дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 10 миллиондан зиёд киши ўз уйини тарк этишига тўғри келган. 4,8 миллион киши эса мамлакат ташқарисидан қўним топган. 

 

Мавзуга оид