Жаҳон | 09:36 / 20.12.2016
4772
2 дақиқада ўқилади

Пекин аэропортида тутунланганлик сабабли 181 та рейс бекор қилинди

Фото: © EPA/WU HONG

Пекиндаги кучли тутунланганлик (смог) сабабли Шоуду халқаро аэропортида бекор қилинган рейслар сони 181 тага етди. ТАСС ахборот агентлигига аэропорт вакилининг маълум қилишича, 20 декабрга 385 та рейс белгиланган эди.

Аввалроқ ТАСС ахборот агентлиги смог туфайли Россиянинг S7 Airlines авиакомпанияси рейслари бекор қилингани ва AirBridgeCargo юк рейси ушланганини маълум қилганди. "Бизнинг ҳамкор Hainan Airlines бажарадиган рейслар бекор қилинди. Бевосита S7 Airlines бажарадиган рейслар ушланишларсиз амалга оширилмоқда", деб телефон орқали S74696 (Пекин - Санья (Хайнань ороли) ва S74692 (Пекин - Гуанчжоу) рейсларининг бекор қилинишига изоҳ берган S7 Airlines вакили.

Аэропорт маъмурияти маълумотларига кўра, қолдирилган рейслар йўловчилари иссиқ егулик билан таъминланадилар, парвозлар жадвалидаги ўзгаришлар ҳақида ўз вақтида хабар бериш ташкиллаштирилган.

Sina ахборот интернет-портали маълум қилишича, хавфсизлик нуқтаи назаридан Пекин маъмурияти 6-транспорт ҳалқаси бўйича ҳаракатни қисман ёпиб қўйган.

Шаҳарда смогнинг пайдо бўлишига кўплаб саноат корхоналари чиқарадиган чиқиндилар сабаблардан бири бўлмоқда. Айниқса иситиш мавсумида оғир вазият юзага келади. Бу пайт тўлиқ куч билан ишлайдиган кўмир электростанциялар ва қозонхоналар ҳавога кўмир чангини чиқарадилар.

Айни вақтда Пекинда саломатлик учун хавфли бўлган майда қаттиқ жисмлар миқдори – ПМ-2,5 куб метрга 380 микрограммдан ошиб кетган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти меъёрларига кўра, ҳавода ПМ-2,5 заррачаларининг ҳар кунлик хавфсиз миқдори куб метрга 25 микрограммдан ошмаслиги керак. Пекинда эса бу меъёр деярли 17 мартага кўпроқни ташкил қилмоқда.

 

Мавзуга оид