Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат раҳбарлари Самарқандда музокаралар ўтказишди
Аввал хабар берганимиздек, Қирғиз Республикаси Давлат раҳбари Алмазбек Атамбоев амалий ташриф Ўзбекистонда бўлиб турибди. У ташрифини бевосита Самарқанддан шаҳридан бошлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев Ҳазрати Хизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди ва унинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.
Сўнгра, Президентлар "JV MAN Auto-Uzbekistan" Ўзбекистон – Германия қўшма корхонасига ташриф буюрдилар.
Олий мартабали меҳмон қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Қирғизистон Республикаси Президенти замонавий стандартларга мувофиқ энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган ва мамлакатимиз автомобил саноатининг муваффақиятини намоён этадиган ушбу корхона фаолиятини юқори баҳолади.
Олий мартабали меҳмон завод ҳудудида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий енгил автомобиллар, юк машиналари, трактор ва бошқа қишлоқ хўжалиги техникалари билан танишди.
Форумлар мажмуаси саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоев ўртасида музокара бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Алмазбек Атамбоевга Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти вафоти муносабати билан чуқур таъзия билдиргани учун миннатдорлик изҳор этди. Ислом Каримовнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига бўлган юксак ҳурмат ифодаси экани таъкидланди.
Алмазбек Атамбоевнинг ташрифи Қирғизистон ҳукуматининг Ўзбекистон билан муносабатларни кенгайтиришга муҳим аҳамият бераётганидан далолат экани қайд этилди.
Қирғизистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади.
Президентлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва иқтисодий муносабатларни кенгайтириш масалаларини муҳокама этиб, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик қатор муаммолар юзасидан фикр алмашдилар.
Томонлар экстремизм ва диний ақидапарастлик минтақамиз барқарорлигига хавф солаётганига эътибор қаратдилар. Бундай хавф-хатарларга қарши ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлиги қайд этилди.
Давлат раҳбарлари яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш ва уни сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитиш зарурлигини таъкидладилар.
Томонлар Ўзбекистон ва Қирғизистон ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида 2016-2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури янги шаклдаги сиёсий мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилишига ишонч билдирдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик давлатлараро муносабатларнинг муҳим соҳаси ҳисобланади. Ушбу масалалар муҳокамасида 2016 йилнинг ўтган даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 23 фоиз ўсганига қарамасдан, бу кўрсаткич етарли даражада эмаслиги ва икки мамлакатнинг мавжуд имкониятларига мос келмаслиги қайд этилди.
Президентлар икки йил давомида товарлар турини тубдан кенгайтириш ва ўзаро савдо ҳажмини 500 миллион долларгача кўпайтириш чораларини кўриш зарурлигини таъкидладилар.
Шавкат Мирзиёев бунинг учун Қирғизистонга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, енгил ва юк автомобиллари, автобусларни тизимли асосда етказиб бериш ва уларга техник хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш лозимлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, қирғизистонлик шерикларга азот, фосфор, калий ва мураккаб комплекс ўғитлар, электротехника маҳсулотлари – трансформаторлар, барча турдаги кабел-ўтказгич маҳсулотлар, маиший техника, шунингдек, тайёр тўқимачилик маҳсулотлари, қурилиш материаллари, препаратлар, мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа саноат маҳсулотлари етказиб бериш таклиф этилди.
Қирғизистон томони, ўз навбатида, Ўзбекистонга етказиб берилаётган товарлар турини қайта кўриб чиқиши таъкидланди.
Шу мақсадда икки мамлакатнинг тегишли тузилмалари ўртасида тўғридан-тўғри узоқ муддатли ҳамкорлик ўрнатиш зарурлиги қайд этилди.
Минтақада самарали транспорт йўлларини ривожлантириш иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик йўналиши ҳисобланади. Масалан, Марказий Осиёни Қирғизистон ҳудуди орқали Хитой билан боғлайдиган қисқа темир йўл нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақанинг транзит салоҳиятини сезиларли равишда ошириш имконини беради.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мутахассислари Қирғизистон ҳудудида бундай йўналишни лойиҳалаштириш ва қуришда иштирок этишига тайёр эканини таъкидлади.
Маданий-гуманитар ҳамкорлик ўзаро муносабатларнинг муҳим соҳаларидан биридир.
Шавкат Мирзиёев ва Алмазбек Атамбоев музокаралар давомида эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариб, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очишига ишонч билдирдилар.
Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистон Республикасига амалий ташрифи давом этмоқда.
Мавзуга оид
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024
Самарқандда йўловчи автобуси трактор тиркамаси билан тўқнашди
14:23 / 29.10.2024
Самарқандда савдо дўкони ёниб кетди
19:09 / 28.10.2024