Жаҳон | 08:01 / 25.12.2016
37664
2 дақиқада ўқилади

Россия элчисининг қотиллиги бўйича муҳим фактлар аниқланди

Фото: aa.com.tr

Россиянинг Туркиядаги элчиси Андрей Карловнинг Анқарада ўлдирилиши бўйича тергов терактнинг муҳим тафсилотларини аниқлади, деб маълум қилди Туркия ички ишлар вазири Сулайман Сўйлу.

Сўйлунинг айтишича, тергов манфаатлари йўлида унинг ҳозирги босқичида тергов деталларини ошкор қилиш нотўғри бўлади.

"Биз террорчининг ҳам Туркия ичида, ҳам ташқарисидаги алоқаларини аниқламоқчимиз. Бу босқичда қотилнинг Фатҳулла Гулен террорчилик оқими билан алоқаси борлиги аниқланди. Суиқасд – террорчининг шахсий истаги бўлмаган, у режалаштирилган бўлган", деб айтди вазир.

Унинг айтишича, Туркияда 2015 йил 7 июндаги парламент сайловларидан кейин содир этилган терактлар ва Россия дипломатига ҳужум ўзаро боғланган ва бир режанинг занжири ҳисобланади.

"Курдистон ишчи партияси, Фатҳулла Гулен оқими (FETÖ) ва ИШИД – бу фақатгина катта ўйиндаги қуроллардир", деб айтди Сўйлу ва Карловнинг ўлдирилиши Яқин Шарқда тинчликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларга тўсқинлик қилишга уринаётган кучлар ҳаракатлари ҳисобланишини таъкидлаб ўтди.

"Туркия ва Россия бундай тузоқларга тушмайди. Москва томонидан намойиш қилинган сиёсий истак бунга яққол тасдиқ бўлади ва бу умид беради. Мен Россия ва дўстона Россия  халқига яна бир бор ҳамдардлик билдираман", деб ўз сўзларини якунлади турк вазири.

Мавзуга оид