Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой Тибетда телескоплар барпо қилади
Хитой ҳукумати Тибет мухтор туманида гравитация тўлқинларини ўрганиш мақсадида телескоплар барпо этишни режалаштирмоқда.
Синьхуа агентлигининг Хитой Фанлар академияси ҳузуридаги Миллий астрономия обсерваторияси (NAOC) катта ходими Яо Юнцянга таянган ҳолда хабар қилишича, Ngari-1 деб номланувчи илк телескоп қурилиши аллақачон бошлаб юборилган. Умуман, лойиҳа икки босқичда амалга оширилади.
Яо Юнцяннинг сўзларига кўра, дастлабки телескоп денгиз сатҳидан 5250 метр баландликда барпо этилади. 2021 йилда фойдаланишга топшириладиган телескоп кузатув ишларига киришади ва Шимолий ярим шардаги гравитация тўлқинлари борасида аниқ маълумотларни тўплайди.
Хитойлик олимлар, шунингдек, ушбу лойиҳа доирасида келгусида Ngari-2 телескоплари тармоғини ташкил этишни режалаштиришган. Улар денгиз сатҳидан 6 км баландликда жойлашади. Мазкур лойиҳани амалга ошириш 18,8 миллион долларга баҳоланмоқда.
2016 йилнинг февралида Хитой ҳукумати гравитация тўлқинларини ўрганиш мақсадида мутахассисларни жалб этишни режалаштираётгани хабар қилинган эди. Ўшанда, олимларга йиллик 153 минг АҚШ доллари миқдорида маош ваъда қилинган.
Эҳтимоллар назарияси муаллифи Альберт Эйнштейн томонидан гравитация тўлқинлари мавжудлиги тахмин қилинганидан 100 йил ўтиб, ушбу тўлқинлар аниқлангани фан тарихидаги улкан воқелик бўлди. Тўлқинлар америкалик олимлар гуруҳи томонидан 2015 йил 14 сентябрда Луизиана ва Вашингтон штатларида барпо этилган LIGO гравитация обсерваториялари томонидан аниқланган эди. Олимлар айни кашфиёт учун 2016 йилги Нобель мукофоти билан тақдирланганди.
Мавзуга оид
18:33 / 13.07.2026
Bigme иккита экранли HiBreak Dual 2 смартфонини тақдим этди
08:50 / 13.07.2026
Хитой энергия соҳасида янги жаҳон рекордини ўрнатди
23:59 / 12.07.2026
Хитойликлар телефонларидан кўра электромобилларини тезроқ янгилашмоқда
00:34 / 12.07.2026