Фотожамланма: Эрондаги чанғи курортларига назар
Кўпчилик Яқин Шарқни жазирама саҳродек тасаввур қилади, бу ерда қорли чўққилар бўлиши мумкин эмасдек гўё. Бироқ аслида улар бор ва тоғ чанғиларида учиш - Ливан, Туркия, Исроил ва Эрон мамлакатларида машҳур машғулот. Big Picture Эрон қорли чўққиларининг фотожамланмаси билан бўлишди.
Болалигидан Альп тоғларида чанғида учиб катта бўлган миланлик сураткаш Гайя Скурачи ёзувчи Лоуренс Корнет билан бирга Эрон пойтахти шимолидаги тоғ-чанғи курортларига йўл олди. Сураткаш аёл тоғ ёнбағирлари, меҳмонхоналар, ресторанлар ва ён-атрофда Эрон жамиятига яқиндан назар солишга имкон берувчи бутун бир оламни кўрди. "Чанғилар биз учун баъзи жараёнларга яқинлашиш имконини туғдирди", - деб ёзади у. Натижада Эрон ҳаётининг ушбу бўлаги билан таништирувчи "Ski in Iran" ("Эронда чанғилар") номли фотолойиҳа пайдо бўлди.
"Мен болалигимдан Альп тоғларида чанғида учганман, Эрон водийлари бизнинг водийларга нисбатан чуқурроқ. Тоғ чанғиси Эронда янгилик эмас, у шоҳ давридаёқ пайдо бўлган. Шоҳ қулатилганидан кейин инқилоб натижасида кўплаб радикал ўзгаришлар содир бўлди. Тоғ-чанғи спорти буткул йўқ қилинмаган бўлса-да, унинг ривожланиши секинлашган ва у ҳалигача Ғарб таъсиридек қабул қилинади. Бу жойларда юқорида турганингда ўзинг қўним топган уйдан бошқа иншоотни кўриш қийин масала, нигоҳингиз бошқа ҳеч нарсага чалғимай, тоғ ёнбағирларининг ўзига қадалади. Иншоотлар тузилмаси кўпинча Европанинг истеъмолдан чиққан материаллари ҳисобига барпо этилади, шу боис улар эскича кўринади. Мен ўзимни худди 20 йил аввалги ўтмишга тушиб қолгандек ҳис қилдим. Бу ерда режим таъсири шаҳарга қараганда камроқ сезилади, лекин атрофда полиция кийимида ёки оддий фуқаролардек кийинган кузатувчилар бор. Чанғи учиш қоидалари Ғарбдагидан у қадар фарқ қилмайди, бироқ аёллар учун баъзи қўшимча чекловлар бор".
"Аёлларнинг чанғи учадиган курткалари узунроқ бўлиши, бош эса ёпилган бўлиши керак, рўмолдан кўра қалпоқ кийган аёллар кўп учраса-да, баъзан сочининг муайян қисми кўриниб турадиган аёллар ҳам учраб туради".
"Лоуренс тоғ-чанғи курортида мижозлар шариат қонунига риоя қилишлари кераклигини эслатиб турувчи эслатмалар борлигига эътибор қаратди. Бу ерда жамоат жойларидаги оқшомлар эрта тугарди ва ҳамма ёқда жимлик ҳукмрон эди. Бар ва ресторанларда спиртли ичимликлар йўқ, Эронда омма олдида рақсга тушиш тақиқланган, ёпиқ эшиклар ортида эса ҳаёт қайнайди".
"Биз хорижда ўқувчи ёки ишловчи, таътилда уйга, маҳаллий ёшлар, консерватив оила даврасига қайтувчи эронлик экспатлар ва бир неча европалик сайёҳлар билан кўришдик. Масалан, биз суҳбатлашган бир қиз Лос-Анжелесда иқтисодчи бўлиш учун ўқир экан, Шимолий Европадан келган ака-ука қишки спорт турига бўлган муҳаббати туфайли шу ерга ташриф буюрган, бир неча хорижликлар эса таътилда эронлик дўстларининг ёнига келганликлари маълум бўлди. Лоуренс шунингдек швейцариялик чанғисеварлар ва сноубордчилар билан суҳбатлашди, улар маҳаллий аҳолига фристайлни ўргатиш учун "Биз Эронда учамиз" номи остидаги ташкилотга асос солишган экан".
"Эронда тоғ-чанғи абонементи ва ижара баҳоси Европадагидан паст, бироқ эронликлар учун бу етарли даражада қиммат нархлар ҳисобланади".
"Мамлакатнинг бошқа ҳудудларида яна бир неча курортлар бор. Биз ўз диққатмизни Теҳрон яқинидаги курортларга қаратдик".
"Барча курортлар Теҳрондан кўпи билан икки соатлик масофада жойлашган бўлиб, улардан энг яқини - Точал. У ерга 45 дақиқада очиқ фуникулерда ҳам етиб олса бўлади. Бироқ у жойлашувига кўра, шу қадар баланддаки, баъзан бундай баландликдан сайёҳларнинг кўнгли беҳузур бўлади. Нисбатан ёшроқ сноубордчи ва фристайлерлар гуруҳининг учрашув жойи ҳисобланган Дизинда ҳамда Осиёдаги энг баланд вулқон, Дамаванд тоғлари кўриниб турувчи Дарбандсар курортида бўлдик".
"Биз Дарбандсар яқинидаги яна бир таниқли маскан - Шемшакка ҳам бажонидил бориб келардик, бироқ йўлларни қор босиб қолгани туфайли у ергача етиб бора олмадик".
Мавзуга оид
08:50
WSJ: Эрон армия иштирокида Исроилга «кучли» ҳужум тайёрламоқда
21:37 / 31.10.2024
Германияда Эроннинг барча бош консулликлари ёпилади
15:50 / 31.10.2024
Германия канцлери Эронни Исроил зарбаларидан сўнг «вазиятни кескинлаштирмасликка» чақирди
14:20 / 30.10.2024