ЕИнинг Ўзбекистондаги Делегацияси раҳбари ўзбек ишбилармонларини Европага инвестиция киритишга чақирди
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари элчи Эдуардс Стипрайс 25 январь куни Тошкентдаги Америка савдо палатаси ҳар ойлик учрашуви доирасида чиқиш қилди. У маҳаллий ва хорижий тадбиркорларга мўлжалланган ўз тақдимотида икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг турли жиҳатлари, мамлакатда ЕИ молиявий кўмаги ёрдамида амалга оширилаётган ҳамда бизнес раҳбарлари бошқаруви салоҳияти ва мамлакатнинг бир қатор минтақаларидаги фермер хўжаликлари ҳамда экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилувчи лойиҳалар ҳақида сўз юритди.
Шунингдек ЕИ делегацияси раҳбари қатнашчиларга ЕИ давлатларидаги инвестицион имкониятлар ҳақида ҳам маълумот берди.
Элчи Стипрайс ўз чиқишини савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини тушунтириш билан бошлади. У ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида 1996 йилдаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги Битим билан тартибга солинади. Битим ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида: импорт ва экспортга нисбатан қўлланилувчи божхона божлари ва йиғимлари, тўғридан-тўғри ва билвосита солиқлар, сотув, харид, маҳсулотларни етказиб бериш, ички бозорда тақсимлаш ва фойдаланиш бўйича ижобий режим тақдим этишни назарда тутади.
ЕИ делегацияси раҳбари икки томонлама ташқи савдо айланмасига оид статистик маълумотларни келтирди. ЕИ 2015 йилда Ўзбекистоннинг энг йирик бешта савдо шериклари рўйхатидан жой олди. У Хитой, Россия ва Қозоғистондан сўнг тўртинчи ўринни эгаллаган. Мамлакат ташқи савдо балансидаги ҳиссаси – 12 фоизга тенг. 2015 йилда томонларнинг ўзаро манфаатли савдо суммаси 1,792 миллион еврони ташкил этди. Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Германия етакчилик қилмоқда – унинг Ўзбекистон билан савдо айланмаси 2015 йилда 440 миллион еврони ташкил этди.
Ўзбекистонга энг кўп етказиб берилувчи Европа маҳсулотлари учлигига машиналар, асбоб-ускуналар ва механизмлар (608 млн евро), кимё ва у билан боғлиқ бўлган соҳалар саноати маҳсулоти (421 млн евро), шунингдек озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлар (123 млн евро) кирган. ЕИ мамлакатлари томонидан импорт қилинган ўзбек маҳсулотлари орасида кимё ва у билан боғлиқ соҳалар саноати маҳсулоти (177 млн евро), текстиль ва кийим-кечак (35 млн евро), шунингдек мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулоти (23 млн евро) бор.
Элчи Стипрайс таъкидлашича, томонлар ҳозирги савдо ҳажмини қониқарсиз деб тан олишган ҳамда уни ошириш учун ҳаракат қилмоқда. ЕИ ва Ўзбекистон бу мақсад учун савдо-иқтисодий муносабатларни рағбатлантирувчи бир неча ўзига хос йўлдан фойдаланмоқда.
Биринчидан, томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни мавжуд бўлган институционал механизмлар доирасида ривожлантириш бўйича доимий ва очиқ мулоқотда.
Бундан ташқари, томонлар айни дамда савдо ва инвестициялар бўйича Кенгаш ташкил этиш масаласини кўриб чиқмоқда. Унинг ишида расмий шахслардан ташқари, маҳаллий ишбилармонлар ва Европа фирма ҳамда компаниялар вакиллари иштирок этади.
Иккинчидан, ЕИ Ўзбекистондан тайёр маҳсулот экспортини рағбатлантиради. Бу уни Европа бозорига етказиб беришдаги тўсиқларни олиб ташлаш орқали амалга оширилади.
Учинчидан, ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида маҳсулотлар айирбошлаш ҳажмини оширишни рағбатлантиришда мамлакатда Европа Иттифоқи молиявий кўмаги ёрдамида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳам катта ўрин тутади. Ўзбекистон ЕИдан ҳар йили миллионлаб евролик молиявий ёрдам олади. Бу ёрдам биринчи навбатда иқтисодий ривожланишга кўмак беришга йўналтирилган, деди элчи Стипрайс.
Ўзбекистонга молиявий ёрдами миқдори 2014-2020 йилларда 168 миллион еврони ташкил этади. Бу эса 2007-2013 йиллардаги давр билан солиштирганда 124 фоизга ошишни кўрсатади. 2014-2020 йиллар оралиғидаги даврда ЕИнинг Ўзбекистонга иқтисодий ривожланиш соҳасидаги кўмаги дастури доирасида қишлоқ туманларни ривожлантиришга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилади.
Кутилишича, лойиҳалар натижасида маҳаллий фермерлар экспорт салоҳияти ривожланади. Бу эса қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Қозоғистон, Россия, Хитой ва Жанубий Корея каби давлатларига экспорт қилишни янада ошириш имконини беради.
Шунингдек, элчи Стипрайс томонидан эслатиб ўтилган ЕИнинг бошқа лойиҳаси маҳаллий ишбилармонлар бошқарувчилик малакасини ривожлантиришни кўзда тутади. “Менежментга ўқитиш дастури” лойиҳаси асосий мақсади малакали ишбилармонлар ва менежерлар сонини оширишдан иборат. Улар кичик ва ўрта бизнесни самарали бошқаришлари ҳамда ишлаб чиқаришни ошириш ва ўз корхоналарининг узоқ муддатли келажакда ривожланишини таъминлайдилар. Дастур доирасида 2013-2017 йилларда бу натижаларга эришиш учун ўзбек фирма ва компаниялар раҳбарлари, шунингдек маҳаллий бизнес ассоциациялари экспертлари учун Европада амалиётлар ташкил этилди.
Лойиҳа доирасида танлов асосида ажратиб олинган 152 иштирокчи Европа Иттифоқининг 20 давлатидаги компания ва ташкилотларда 2-4 ҳафталик амалиётдан ўтишди. Улардан 126таси менежерлар, 26 нафари эса бизнес ассоциациялар экспертлари бўлган. Амалиёт давомида ўзбекистонлик менежерлар Европадаги ҳамкасблари билан тажриба алмашишлари, замонавий бошқарув услубларини ўрганишлари, Европада бизнес юритиш маданияти билан танишишлари мумкин бўлди. Ўзбек ишбилармонлари ЕИдаги янги шериклар билан аниқ шартномалар имзолаш ва қўшма корхоналар яратиш бўйича алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлди.
Элчи Стипрайс ўзбек ишбилармонларини Европага инвестиция киритишга чақирди. У Жаҳон банки томонидан ҳар йили эълон қилинадиган бизнес юритиш енгиллиги бўйича тақдим этилган рейтингда ЕИнинг 16 давлати топ-30ликка кирганини таъкидлаб ўтди. ЕИ делегацияси раҳбари Европа Иттифоқининг 500 миллионлик аҳолига эга бозори хорижий инвесторлар учун қулай жой эканини айтган.
Элчи ўз чиқиши якунида турли соҳаларга оид саволларга жавоб берди. Саволлар орасида ЕИнинг ундан Буюк Британия чиқишдан сўнгги келажаги, Европада ўзбек талабаларининг таълим олишлари учун имкониятлар, Европа Иттифоқи давлатлари ҳукумати томонидан Шенген Битими ҳудудида хорижий фуқароларнинг ҳаракатланишини назорат қилишга оид виза ва янги хавфсизлик чоралари ҳам бўлган.
Мавзуга оид
17:48
«Ўзбекистон қитъаларимиз чорраҳасида жойлашган ва глобал алоқаларимиз марказида бўлиши лозим» — Урсула фон дер Ляйен
22:39 / 04.11.2024
Хитой Европа Иттифоқи билан электромобиллар бўйича «савдо урушига» киришди
17:30 / 04.11.2024
ЕИда НАТОга қўшимча равишда хавфсизлик ва мудофаа иттифоқини тузиш таклиф этилди
01:00 / 31.10.2024