Жаҳон | 12:50 / 29.01.2017
7541
2 дақиқада ўқилади

Трамп Австралия қочқинларини қабул қилишга тайёр

АҚШ президенти Дональд Трамп қочқинлар масалалари бўйича Австралия билан имзоланган келишувни бажаришга тайёрлигини билдирди. Мазкур битим президент Барак Обама даврида имзоланган эди. Бу ҳақда Австралия ҳукумати матбуот хизмати вакили маълум қилган. АҚШ президенти Трамп ва Австралия бош вазири Малколм Тернбулл ўртасидаги телефон орқали мулоқотда шу ҳақда сўз борган.

"Президент, унинг маъмурияти қочқинларнинг кўчишига доир 2016 йилда икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида эришилган келишув шартларига риоя қилишда давом этишини тасдиқлади, - деган матбуот хизмати вакиласи. – Икки мамлакат етакчилари бетартиб ва ноқонуний муҳожирликка барҳам бериш борасида якдил фикрда эканликларини билдиришган".

Мазкур келишувга кўра, АҚШ Австралия томонидан Манус ороли (Папуа - Янги Гвинея) ва Науру орол давлатида ташкил этилган лагерлардаги бир неча юз қочқинни қабул қилиши керак. Бу лагерлардаги қочқинларнинг аксарияти Яқин Шарқ мамлакатлари фуқароларидир. 

Австралия, ўз навбатида, АҚШ томонидан ўтказилаётган Марказий Америка (Коста-Рика лагерларидаги) қочқинларини қайта жойлаштириш дастурида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, Австралия ҳукумати раҳбари бир неча маротаба "гап одамларни айирбошлаш ҳақида бормаётгани"ни таъкидлаган.

Мавзуга оид