Жаҳон | 09:28 / 30.01.2017
12273
2 дақиқада ўқилади

Трамп: Сенаторлар учинчи жаҳон урушини келтириб чиқаришга уринмоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп икки нафар республикачи-сенатор Жон Маккейн ва Линдси Грэмни учинчи жаҳон урушини келтириб чиқаришга уринаётганликда айблади. У ўзининг Twitter саҳифасидаги микроблогида шу ҳақда сўз юритган.

«Президентликка собиқ номзодлар Жон Маккейн ва Линдси Грэмнинг қўшма баёноти — хатодир, улар, афсуски, иммиграция масалаларида ҳақ эмаслар», — деб ёзган Трамп. Унинг сўзларига кўра, мазкур сенаторлар «доимий равишда учинчи жаҳон урушини келтириб чиқаришга уринмасдан», ИШИД халқаро террорчилик гуруҳига қарши курашиш ва «ноқонуний иммиграция ва чегаралардаги хавфсизликка эътибор қаратишса мақсадга мувофиқ бўлар эди».

Аввалроқ, Маккейн ва Грэм президент Трампнинг иммиграция сиёсатини танқид қилиб, баёнот беришган эди. Уларнинг фикрича, президентнинг фармони «етарли даражада ўрганилмаган», чунки, давлат департаменти, мудофаа ва адлия вазирликлари билан муҳокама қилинмаган, деб хабар қилади ABC News. «Биз, ушбу фармон АҚШ хавфсизлигини мустаҳкамлаш ўрнига террористик таҳдидлар кучайишига асос бўлишидан хавотирдамиз», — деган сенаторлар. 

АҚШ президентининг иммиграция масаласига доир 27 январда имзолаган фармони асосий аҳолиси мусулмонлардан иборат 7 мамлакат Эрон, Ироқ, Ливия, Сурия, Судан, Яман ва Сомали фуқароларига виза беришни тўхтатишни кўзда тутади. Шу сабабли, АҚШга авиачипта олган ва Америка визасига эга кўплаб фуқаролар парвозига рухсат берилмаган эди. 

Дональд Трамп ўз қарорини изоҳлар экан, унинг чораси мусулмонларга эмас, балки террорчиларга қарши қаратилганини таъкидлаган. Президентнинг сўзларига кўра, хавфсизлик сиёсати янгиланиши билан барча мамлакатлар фуқароларига виза бериш қайта бошланади. 

Мавзуга оид