Жаҳон | 14:26 / 02.02.2017
6321
2 дақиқада ўқилади

Трамп Австралия бош вазири билан суҳбатини салбий баҳолади

фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл билан ўтказган телефон орқали мулоқотини хорижий давлатлар етакчилари билан ўтказган суҳбатларининг ичида энг ёмони деб баҳолади. Бу ҳақда The Washington Post нашри ёзмоқда.

Дастлаб, суҳбат 1 соат давом этиши режалаштирилган эди. Аммо, Америка етакчиси 25-дақиқада гўшакни қўйган. Нашр маълумотига кўра, АҚШ президенти Тернбуллнинг Америка мажбуриятини эслатганидан жаҳли чиққан. Бош вазир Австралиядаги қочқинларни қабул қилиш бўйича Обама маъмурияти берган ваъдани ёдга олган. 

Кейинроқ, Трамп ўз норозилигини Twitter саҳифасида ҳам маълум қилди. «Сиз ишона оласизми? Обама маъмурияти Австралиядан минглаб ноқонуний муҳожирларни қабул қилишга рози бўлган. Нега? Мен бу лаънати битимни ўрганиб чиқаман!» — деб ёзган Трамп.

Австралия бош вазири, аксинча, суҳбатни «очиқ» бўлганини таъкидлаб, айрим ҳолатлар уни лол қолдирганини қайд этди, дея хабар қилади BBC News. Тернбуллнинг сўзларига кўра, Трамп битим бўйича иш давом эттирилишига уни ишонтирган. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид