Иқтисодиёт | 16:27 / 06.02.2017
11312
2 дақиқада ўқилади

2017 йил январь ойида Ўзбекистон мева-сабзавот экспорти 2 мартага ошди

Ўзбекистон ҳукумати томонидан экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатилаётган амалий чоралар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилишни қўллаб-қувватлаш бўйича кенг қамровли ишлар, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатилиши, тадбиркорларнинг хорижда ташкил этилаётган йирик халқаро кўргазмалар, бизнес-форум ва кооперация биржаларида қатнашишини таъминлаш, харидорларни топиш ҳамда улар билан шартномаларни имзолашга амалий кўмак бериш Ўзбекистон иқтисодиётининг жадал суръатларда ўсишига ҳисса қўшмоқда. 

Хусусан, 2017 йил январь ойида янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотини экспорт қилиш ҳажми 31 минг тоннадан ошиб кетган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 189,0 фоизлик ўсишни англатади. «Ўзагроэкспорт» АЖ матбуот хизмати шу ҳақда хабар қилмоқда

2017 йил январь ойида мева, сабзавот, полиз ва дуккакли дон маҳсулотлари экспортидан тушган валюта маблағлари 42 591 минг АҚШ долларини ташкил этган. Бу 2016 йил шу ойига нисбатан 2 мартадан кўпроқни ташкил этади. 

Ушбу даврдаги экспортнинг асосий ҳажми узум, анор, лимон, хурмо, олма, кўкатлар, карам, сабзи, бодринг, помидор, лавлаги, шолғом, редиска, ерёнғоқ, мош каби маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келган. 

Қайд этиш жоизки, экспорт ҳажмини оширишга Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2016 йил 1 июндаги қарори билан 2016 йил 8-10 ноябрь кунлари Тошкентда ташкил этилган I Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида имзоланган шартномаларни бажариш натижасида эришилган. 

Мавзуга оид