Тожикистон Афғонистоннинг ШҲТга қўшилишини қўллаб-қувватлайди
Тожикистон Афғонистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ)га қўшилишини қўллаб-қувватлайди, қўшни мамлакат эса Тожикистоннинг чегара ҳудудларида тинчлик ва барқарорликни сақлаб қолишга ваъда бермоқда. Бу ҳақида AsiaPlus нашрида хабар берилди.
16 февраль куни Душанбеда Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов ва Афғонистон ТИВ раҳбари Салоҳиддин Раббоний ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Шунингдек икки вазир раҳбарлиги остида кенгайтирилган таркибдаги тожик-афғон ТИВларининг ўзаро маслаҳатлашуви ҳам ўтказилди.
Вазирлар ва кенгайтирилган таркиб учрашувлари давомида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш йўллари, шунингдек минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилинди.
ТИВ раҳбарларининг баёнотларига кўра, томонлар иқтисодиёт, савдо, энергетика, коммуникация, транзит, қишлоқ хўжалиги, саноат, соғлиқни сақлаш, маданият, илм-фан, таълим ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олишган.
Манбага кўра, тожик-афғон чегара ҳамкорлигининг ривожланиши Тожикистон ва Афғонистон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамда кўп режали ҳамкорликнинг муҳим омили ҳисобланади.
Томонлар шунингдек экстремизм, терроризм, трансмиллий уюшган жиноятчилик, наркотрафик ва бошқа минтақавий ҳамда халқаро таҳдидлар билан курашишда ҳамкорликни кенгайтириш заруратини тасдиқлашди. Тожикистон халқаро терроризм ва экстремизм билан курашишда афғон хавфсизлик кучларининг роли муҳим деб ҳисоблайди.
Тожикистон Республикаси ТИВ раҳбари С.Аслов мамлакат Афғонистоннинг ШҲТга қўшилишини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Ўз навбатида, Раббоний Афғонистон бугунги кунда халқаро терроризм ва экстремизм билан курашишда энг олд ўринларда эканини қайд этди. У Афғонистон ўз ҳудудидан Тожикистонга террорчиларнинг ўтишига йўл қўймаслигини таъкидлади.
Раббоний шунингдек Тожкистон билан иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик қилишга эътиборни қаратди. Хусусан, у CASA-1000 энергетик лойиҳасини амалга оширишга умид билдирди. Мазкур лойиҳа Туркманистон-Афғонистон-Тожикистон ва Хитой-Қирғизистон-Тожикистон-Афғонистон-Эрон темир йўллари қурилишини кўзда тутади.
Бугунги учрашувдаги дўстона ва илиқ муҳитга қараганда, икки мамлакат ўртасидаги барча тушунмовчиликлар ҳал қилинган, томонлар яна аввалгидек ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишган.
Мавзуга оид
17:01 / 29.10.2024
Афғонистонда аёл олти эгизакни дунёга келтирди
07:30 / 28.10.2024
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчиси тайинланди
23:27 / 27.10.2024
ОАВ: «Толибон» аёлларга бир-бири билан гаплашишни тақиқлади
19:13 / 23.10.2024