19:46 / 05.03.2017
12008

Ироқ Курдистони раҳбари: Ироқни Чехословакия тақдири кутмоқда

Ироқни Чехословакия тақдири кутмоқда, унинг парчаланиши муқаррар бўлганда курдлар ўз давлатларига эга бўлиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Ироқ Курдистони президенти Масуд Барзоний Италиянинг La Stampa газетасига берган интервьюсида шундай баёнот билдирди. 

"Яқин Шарқда, худди Европадаги каби, тарих Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушларидан кейин яратилган давлат тузилмалари бўш бўлиб чиқди. Чехословакия ва Югославия ҳам худди ҳозир Сайкса-Пико пакти меросида кузатилаётгани каби парчаланди", - деди Барзоний. 

Унинг сўзларига кўра, қашшоқлик ва йўқотишларни бошдан кечирган халқлар ҳимояланиши ва келгусида ривожланиши учун аниқ кўринишдаги компенсацияга, ерга эга бўлишлари керак.

Муаллифлар (Британия ва Франция дипломатлари) фамилияси берилган Сайкса-Пико шартномаси Биринчи жаҳон уруши якунларига кўра, Яқин Шарқдаги таъсир доираларини чегаралаб қўйган ва минтақадаги замонавий чегараларни белгилаш учун асос бўлиб хизмат қилган. 

"Курдлар ҳам Ғарбий Европа халқлари каби ўз давлатига эга бўлиш ҳуқуқига эга", - деди Барзоний. 

Унинг фикрича, Курдистоннинг мустақиллиги Яқин Шарққа барқарорлик олиб келади, зеро курдлар жамияти демократияга ҳурмат, кўппартиявийлик ва тинч ҳаёт кечириш тамойилларига асосланади. Бу минтақадаги инқирозлар сонини камайтиради ва ундаги мамлакатлар манфаати учун хизмат қилишга ёрдам беради. 

Интервьюда курд сиёсатчисидан Россиянинг Яқин Шарқдаги ошиб бораётган роли ҳақида сўралган. 

"Россия - катта ва муҳим давлат. У билан халқаро қонунларни ҳурмат қилган ҳолда, зиддиятлар ва тушунмовчиликларни четлаб ўтиб, ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш мумкин, зеро вазият жуда таранг. Россия ўз манфаатларини кўзлаш ҳуқуқига эга, бироқ бу у истаган нарсасини қилиш ҳуқуқини бермайди", - деди Барзоний. 

Шунингдек у курд қўшинлари ва Ироқ ҳарбийларининг Мўсулдаги ИШИД позицияларига ҳужуми мавзусига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, террорчилардан шаҳарнинг ғарбий қисмини озод қилишгина қолди, бироқ "Мўсулни забт этиш ИШИДнинг мағлубиятига олиб келмайди".

"Улар ҳужум усулини ўзгартиришади. Улар билан курашда иқтисодий ва ижтимоий, ғоявий жиҳатларга ҳам эътибор бериш керак бўлади", - деди Ироқ Курдистони раҳбари. 

Top