Ўзбекистон | 16:17 / 20.03.2017
16794
2 дақиқада ўқилади

Тошкент аэропортида ушланган исроиллик собиқ ҳарбий қўйиб юборилди

Тошкентда юкида 13та ўқ бўлгани учун қўлга олинган исроиллик 12 кундан сўнг қўйиб юборилди. У бугун, 20 март куни Исроилга қайтиб кетади, деб хабар қилмоқда Исроилнинг IzRus портали.

Аввалроқ у Исроил мудофаа армияси – САХАЛда аскарлик муддатини якунлаб, Таиландга дам олишга кетаётган исроиллик аскар бўлгани ҳамда Тошкентдан транзит орқали учмоқчи бўлганида юкларидан 13та ўқ топилгани хабар қилинганди

«Исроил ТИВ вакилларининг Ўзбекистон раҳбарияти билан музокаралари деярли икки ҳафта давом этди, унда исроилликлар гап хато ҳақида кетганига ишонтиришмоқчи бўлди. Бу вақт давомида қўлга олинган шахсни Исроилнинг Тошкентдаги консули бориб кўрди», - дейилади нашр материалида.

Таъкидланишича, бу Ўзбекистон билан боғлиқ биринчи шундай ҳолат эмас. 2010 йилнинг январида Тошкент аэропортида 21 ёшли исроиллик қиз қўлга олинганди, унинг сумкасида М-16 автоматининг ўқлар бўлган ўқдони топилганди.

Ягудаева ўз дугонаси бўлган ҳарбий хизматчидан катта армия сумкасини вақтинчалик муддатга олиб турган ва ичида нима борлиги билан қизиқиб кўрмаган. Ўшанда ТИВ раҳбари Авигдор Либерманнинг аралашуви туфайли Ягудаева уч кундан сўнг озод этилганди.

Мавзуга оид