Жаҳон | 21:11 / 26.03.2017
45311
5 дақиқада ўқилади

Россиядаги намойишлар: ҳаммаси нимадан бошланди?

Россиялик сиёсатчи, жамоат арбоби, блогер ва юрист, "Коррупцияга қарши курашиш фонди" асосчиси Алексей Навальний чорловларига биноан Россиянинг кўплаб шаҳарларида коррупцияга қарши митинглар бўлиб ўтмоқда.

Илгарироқ Навальний Россия Федерацияси бош вазири Дмитрий Медведев томонидан катта миқдорда пуллар ўзлаштирилганлиги ҳақида "У сизга Димон эмас" ("Он вам не Димон") ҳужжатли фильмини интернет-сайтлар орқали намойиш қилган эди. Бугунги кунга келиб, ушбу фильм 15 миллион марта томоша қилинган. Фильмга кўра Д.Медведев 70 миллиард рублдан ортиқ пулни ўз дўстлари ва яқинларига тегишли турли фондлар орқали ўзлаштирган, Россиянинг турли шаҳарларида қасрлар қурган, қимматбаҳо яхталар сотиб олган, шунингдек, Россия ва Италияда гектарлаб шароб навли узумзорларга эгалик қилади.

«У сизга шунчаки Димон эмас». Медведевнинг «махфий империя»си фош этилди

Қайд этиш жоизки, Россия Федерацияси бош прокуратураси, Тергов қўмитаси, ҳукумат ҳам, давлат раҳбарияти ҳам ушбу фильмга ўз муносабатларини билдиришмади. Фақатгина президент ва бош вазирнинг матбуот котиблари "судланган шахснинг ўринсиз бақир-чақирлари" деган баҳони беришди.

Мамлакат раҳбарияти томонидан бирор реакция бўлмагач, мухолифатдаги "Тараққиёт партияси" марказий кенгаши бошқарувчиси ҳисобланувчи Алексей Навальний ўз тарафдорларини 26 март куни Россия шаҳарлари бўйлаб коррупцияга қарши тинч намойишга чиқишга чорлаган эди.

Бугунги митингларда иштирок этиш учун аввалроқ Россиянинг 100 га яқин шаҳарлари маъмуриятига сўровлар жўнатилган, аксарият шаҳарларда мухолифат митингига рад жавоби берилган. Россия қонунчилигига кўра, тинч намойишга асоссиз рад жавоби бериш мумкин эмас ва 3 кунлик муддат ичида митинг ўтказилиши учун бошқа жой тавсия этилиши лозим. Жуда кўп шаҳарларда, жумладан пойтахт — Москвада 3 кунлик муддат талаби бажарилмаган ва Россия Федерацияси конституцион суди қарорига кўра митинг автоматик мувофиқлаштирилган ҳисобланади.

Шу сабабли Навальний тарафдорлари ўз сўровида кўрсатилган ҳуддуд — пойтахтнинг Тверь кўчаси бўйлаб тинч намойишга чиқишди. Бу вазиятда намойишга тўсқинлик қилиш учун ички ишлар вазирлиги томонидан кўча ёпилмади, кўча пиёдалар йўлаги қисмидан қатнов қисмига чиқиб кетган намойишчилар ҳибсга олина бошланди. Алексей Навальний ҳам Тверь кўчаси ва Мамонов торкўчаси чорраҳасини кесиб ўтиш вақтида қўлга олинди.

Полиция бўлинмасига олиб кетилган Навальний "Мен билан ҳаммаси яхши. Бўлинмага келтиришди. Полициячи билан Димон ҳақидаги фильмни муҳокама қиляпмиз. Тинч сайрни давом эттираверинглар. Бугун об ҳаво яхши", "Бу дунёда қўлга олиниш учун лойиқ бўлган нарсалар бор", деб твит ёзган.

Россия шаҳарларида ўтказилаётган митингдан "Коррупцияга қарши курашиш фонди" офисидан туриб Интернет орқали тўғридан-тўғри онлайн репортаж уюштирилди. Репортажни 150 мингдан зиёд киши Youtube каналида онлайн томоша қилаётган бир пайтда аввалига офис электр тармоғидан узиб қўйилган, кейин полиция томонидан тинтув ўтказилиб, офисдагиларнинг барчаси полиция бўлинмасига олиб кетилган.

Бу борада Навалний Твиттерда қуйидаги фикрни қолдирган: "70 млрд. рубллни Медведев ўғирлаган, тинтув эса КҚКФ офисида ўтказилмоқда. Мана, нима учун бутун Россия бўйлаб митинглар бўлмоқда".

Намойишлар географиясига назар солинса, у дастлаб Узоқ Шарқдаги шаҳарлардан бошланди.

Владивостокда бошланган митингда иштирокчиларнинг бир қисмини полиция бўлинмасга олиб кетишди. Намойишчилар бўлинма олдида ҳам ушланганларни қўйиб юборишни талаб қилишди.

Хабаровск, Барнаул, Чита, Екатеринбург, Челябинск, Красноярск, Новосибирск, Иркутск, Томск, Уфа, Самара, Ижевск, Саратов, Нижний Новгород, Санкт-Петербург, Калининград каби йирик шаҳарларда минглаб фуқаролар тинч намойишга чиқиб, коррупцияга қарши ўз муносабатларини билдиришди.

25 март куни кечқурун митингда иштирок этиш учун 99 шаҳар вакиллари хоҳиш билдиришгани маълум бўлган эди. Улардан, 72 тасида шаҳар маъмуриятлари билан митинг ўткзаиш жойи мувофиқлаштирилмаган. Шу ҳолатда ҳам белгиланган муддатда намойиш ўтказиш учун бошқа жой тақдим этмагани учун Россия конституцион судининг қарорига асосланиб, 63 шаҳар вакиллари намойишга чиқишларини билдиришган. 21 та шаҳарда намойишлар шаҳар маъмурияти билан қонун доирасида мувофиқлаштирилган; уч шаҳарда маъмурият қарорини кутиб туришган, 4 та шаҳарда номаълум вазият рўй бериб турган эди. Россиянинг 84 йирик шаҳрида намойишлар бўлиб ўтиши бир кун олдин аниқ эди.

Европа шаҳарларида эса Германиянинг Бонн ва Швейцариянинг Базель шаҳарларида бош консуллик биноси олдида пикетлар уюштирилиши мўлжалланмоқда.

Полиция бўлинмасдан Навальнийнинг ёзган сўнгги твитида шундай сўзлар бор:

"Бугун кўчага чиққанлар билан фахрланаман. Сизлар — мамлакатимизнинг энг сара инсонлари ва Россиянинг соғлом келажаги умидисизлар".

Мавзуга оид