Нима учун сув ичиш муҳим - 7 саволга 7 жавоб
Сўнгги пайтларда нимани қанча, қачон ичиш кераклиги ёки ичмаслик кераклиги ҳақида кўп гапирилмоқда. "Лайфхакер" сувнинг бизга нима учун кераклиги ва уни қандай қабул қилишга оид мақоласи билан бўлишди. Асосий саволларга жавоб беришга Eden Springs компанияси (идораларни сув ва қаҳва билан таъминлаш бўйича жаҳоннинг етакчи компанияларидан бири) ёрдам берди.
Организмга сувнинг нима кераги бор?
Яшаш учун. Катталар организмида ўртача 5 литр қон айланади. Қон плазмаси 92-95 фоизга сувдан иборат. Қон сув туфайлигина ўз функцияларини тўлиқ бажара олади.
- органлар ҳужайраларига озуқавий моддаларни етказиш;
- тўқималарга ўпкадан кислород етказиш ва уларга карбонат ангидрид қайтариш;
- ички органлардаги қайта ишланган моддаларни буйраклар орқали чиқариб ташлаш;
- гомеостаз билан таъминлаш (ички муҳитнинг доимийлиги ва мувозанати): ҳарорат, сув-туз мувозанати, гормонлар ва ферментлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш;
- организмни ҳимоялаш: қонда иммунитетга масъул плазмаларнинг лейкоцит ва оқсиллари айланади.
Агар организмга сув етишмаса, қон массаси камаяди, унинг ёпишқоқлиги йўқолади. Бундай қон эса юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Юрак мушаклари муддатидан аввал эскиради, бу хавфли юрак касалликларига сабаб бўлади.
Айнан шунинг учун спорт билан фаол шуғулланганда ва организмга катта оғирлик тушганда кўпроқ сув ичиш керак бўлади.
Сув етишмаслигидан бош оғриши тўғрими?
Тўғри. Мия фаолияти ҳаттоки енгил сув етишмаслигидан ҳам ёмонлашади.
Мия ҳужайраларининг 80 фоиздан ортиғи сувдан иборат, уни қоннинг бешинчи қисми ювиб туради. Боз устига у орқа мия суюқлигида "чўмилади".
Мияга сув билан бирга асаб тизими фаолияти учун зарур бўлган кислород ва глюкоза ҳам келиб тушади. Сув миядан моддалар алмашинуви маҳсулотлари ва токсинларни чиқариб ташлайди.
Шу боис суюқлик етишмаган тақдирда, мия дегидратацияси бошланади. У билан бирга эса:
- кўп чарчаш ва паришонхотирлик;
- хотиранинг ёмонлашуви;
- математик ҳисоб-китобларни бажариш тезлигининг пасайиши;
- салбий ҳис-туйғулар.
Дегидратация аутизм, Паркинсон ва Альцгеймер касалликларидан азият чекувчи кишиларда аниқланган. Ўқув йили давомида кўп сув ичган ўқувчиларда эса дарсларни ўзлаштириш кўрсаткичлари юқори эканлиги қайд этилган.
Кам сув ичилса, нима бўлади?
Инсон ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. Бош оғриғидан ташқари, овқат ҳазм қилиш ва пешоб тизимида бошқа ёқимсиз белгилар ҳам пайдо бўлади.
Ошқозон ва ичак сувсиз фаолият юрита олмайди ва бунинг сабаблари кўп. Сув овқатнинг нормал ҳазм бўлиши ва озуқавий моддаларнинг ичакка сўрилишини таъминлайди. Агар организмда сув кам бўлса, қорин соҳасида ёқимсиз ҳиссиётлар ва қабзият юзага келади.
Буйраклар 1,5 литр пешоб чиқиши учун бир суткада 150-170 литр қонни фильтрлайди. Демак, токсинлар ва қайта ишланган моддаларни нормал чиқариш учун кунига камида 1,5 литр сув ичиш керак, лекин ундан кўпроқ ичилса, мақсадга янада мувофиқ бўлади.
Суюқлик етишмовчилигида буйракларнинг фильтрлаш хусусияти ёмонлашади, уларнинг ўзида эса заҳарли моддалар кўпаяди. Бу фонда турли буйрак паталогиялари юзага келиши мумкин. Бунда шифокорнинг энг асосий кўрсатмаларидан бири уларни тозалаш ва функцияларини тиклаш учун кўп миқдорда суюқлик ичиш.
Қачон сувни керагидан кўпроқ ичиш керак?
Фарзандли бўлишни режалаштираётганда. Уруғ суюқлиги асосини сув ташкил қилади.
Янги организм бутун 9 ойни сувли муҳитда ўтказади. Сув ҳомилани қўллаб-қувватлайди, уни инфекциялардан ҳимоялайди, унинг ўсиши ва ривожланиши учун шароит яратади.
Туғуруқ жараёнида сув бачадонга ёрдам беради ва боланинг туғилиш жараёнида унинг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайди.
Мен сув кам ичаман. Бунинг қандай салбий таъсири бор?
Кексайганда кўринишингиз ёмонлашиши мумкин.
Ўз даврида Ибн Сино "Кексалик - бу қуриш" деган экан. Тери ўзининг ҳимоялаш вазифасини бажариши учун у тургон (эластиклик ва таранглик)ни сақлаб қолиши керак. Шунда у қайноқ қуёш, шамол ва паст ҳароратга қаршилик қила олади.
Соғлом тери 25 фоизга сувдан ташкил топган бўлиб, у сувсизликдан ажинлар билан қопланади. Демак, унинг тургорини сақлаб қолиш учун ҳар куни керакли миқдорда (камида 2 литр) сув ичишни унутмаслик керак. Яхшиси, тоза, кам минералли ва газсиз сув ичган маъқул.
Сув етишмовчилиги яна қандай салбий натижаларга олиб келади?
Ҳатто бўғимларга ҳам сув керак. Агар улар қаттиқ бўлса, инсон эркин ҳаракатланиш хусусиятини йўқотади: ҳаракатланишга қийналади ва ишларни зўрға бажаради. Статистикага кўра, аҳолининг 30 фоизида бўғимлар билан боғлиқ касалликлар мавжуд.
Бўғимлар тоғай тўқималар билан қопланган. Айнан эластик тоғай суяк бўғимларининг ҳаракатчанлигини таъминлайди. Сув тоғайнинг 80 фоизини ташкил қилади. Сув етишмаганда унинг фаолияти бузилиб, организмда кучли оғриқ туради.
Кўп суюқлик ичишни хоҳламасам, нима қилиш керак?
Иш билан бўлиб кўпинча нима ичгимиз келаётганини ҳам сезмай қоламиз ва ҳатто чанқоқни очлик билан адаштирамиз.
Сувсизлик ва унинг асоратларини бартараф этишнинг энг яхши усули - столга тоза кам минералли сувни қўйиб қўйиш ва ҳар кўз тушганда ундан бир қултум ичиш.
Чанқоқни ҳис қилишингиз биланоқ суюқлик ичинг. Бир қултум тоза сув ҳали ҳеч кимга ортиқчалик қилмаган.
Мавзуга оид
15:19 / 13.11.2024
Уларни ҳар куни ютамиз: ҳавони ифлослантирувчи 10 та энг зарарли модда
12:53 / 10.11.2024
Янги тадқиқот ижтимоий тармоқларнинг зарари ҳақидаги стереотипни рад этди
17:59 / 08.11.2024
Британияда эркак газли ичимликларга қарамликдан қутулиш учун гипноздан фойдаланди
08:48 / 08.11.2024