Эрон президентлигига 200 нафарга яқин киши рўйхатдан ўтди
Жорий йилнинг май ойида Эронда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига номзод сифатида рўйхатдан ўтганлар сони - нақ 200 нафарга яқин. Эрон ислом республикаси (ЭИР) ИИВнинг сайловларни ўтказиш штаби раҳбари Али Асқар Аҳмадий журналистларга ана шундай маълумот берган.
Унинг таъкидлашича, маҳаллий вақт билан соат 12:45 ҳолатига кўра, 197 кишининг рўйхатдан ўтказиш сўралган аризаси қабул қилинган. Булардан 189 нафари - эркак, 8 нафари эса - аёл киши. Энг ёши улуғ номзод сифатида 82 ёшли тиш шифокори қайд этилган. Рўйхатдан ўтганларнинг 54 нафари олим даражасига эга, 19 нафари - ҳарбий ҳаракатлар иштирокчилари.
Мамлакатнинг собиқ президенти Маҳмуд Аҳмадинажотнинг номзод сифатида рўйхатдан ўтиши катта муҳокамага сабаб бўлмоқда. Эрон оммавий ахборот воситалари бу воқеага сиёсатчилар ва жамоат арбобларининг муносабатини чоп этишмоқда - уларнинг деярли барчаси собиқ президентнинг ҳаракатларини қоралашмоқда.
Tasnim агентлиги ўз сайтида ўтган йилнинг сентябрида Аҳмадинажотнинг ЭИР раҳбари оятуллоҳ Али Ҳаманоийга йўллаган мактубини жойлади. Унда собиқ президент ижрочи ҳукумат раҳбарлиги лавозимига ўз номзодини қўйиш режасидан воз кечгани ҳақида маълум қилган.
11 апрель куни Эрон ИИВда 19 май куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қатнашиш учун номзодларни рўйхатдан ўтказишга старт берилди. Ислом Республикаси конституциясига кўра, 40 ёшдан кичик, ислом ва исломий тизимнинг фаол тарафдори бўлган ҳар бир эронлик мамлакат президенти бўлиш ҳуқуқига эга.
Аризалар беш кун давомида қабул қилинади, биринчи куннинг ўзидаёқ 100 дан зиёд киши рўйхатдан ўтган. Эронда ҳар тўрт йилда шундай оммавийлик қайд этилади - сайловлар олдидан бир неча юз киши, баъзан эса мингга яқин номзод рўйхатдан ўтиш учун ариза топширади.
Сайлов бюллетенларига киритиладиган номзодларнинг якуний рўйхати ЭИРнинг Кузатув кенгаши томонидан тасдиқланади.
Мавзуга оид
21:37 / 31.10.2024
Германияда Эроннинг барча бош консулликлари ёпилади
15:50 / 31.10.2024
Германия канцлери Эронни Исроил зарбаларидан сўнг «вазиятни кескинлаштирмасликка» чақирди
14:20 / 30.10.2024
Берлин ва ЕИ ГФР фуқаросининг Эронда қатл этилишига жавоб берилишини ваъда қилди
11:18 / 29.10.2024