Франция президентлиги учун сайловлардаги кутилмаган ва сюрпризларга тўла бўлган сайлов кампанияси ҳеч қандай сюрпризсиз якунланди – “Олға” ҳаракати етакчиси, мамлакат собиқ иқтисодиёт вазири Эммануэль Макрон янги давлат раҳбарига айланди.
Франция ИИВнинг сўнгги маълумотларига кўра, 34 миллионта бюллетен (95 фоиз) ўрганиб чиқилди. Макрон учун сайловчиларнинг 65,48 фоизи овоз берган бўлса, унинг рақибаси – “Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пенга – 34,52 фоиз.
Бешинчи республикада президентлик сайловлари 11-марта ўтказилди. Давлат раҳбари тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан беш йилга сайланади, сайловларда 18 ёшдан катта бўлган фуқаролар – тахминан 47 миллион сайловчи иштирок этиши мумкин. Ўз лавозимидан кетаётган Франсуа Олландга қадар давлат раҳбари сифатида Шарль де Голль, Жорж Помпиду, Валери Жискар д'Эстен, Франсуа Миттеран, Жак Ширак ва Николя Саркози ишлаган.
Макроннинг ўзи ким?

Макрон Франциянинг янги тарихидаги энг ёш президенти бўлди – у 39 ёшда. У Франциядаги энг нуфузли ўқув муассасаларидан бири - Sciences-Po Париж сиёсий тадқиқотлар Институтини тамомлаган, шундан сўнг ENA Миллий маъмуриятчилик мактабида таҳсил олган. Макрон фалсафа магистри саналади, шунингдек, немис идеалисти, диалектика асосчиси Георг Гегель ҳақида фалсафа бўйича илмий иш ёзган.
Макрон 2008 йилда Rothschild & Cie банкига ишга келиб, икки йилдан сўнг унда бошқарувчи шерик лавозимига қадар кўтарилган. У банкда ишлаган вақти уч миллион евродан ортиқ маблағ ишлаб топди, сўнгра сиёсий фаолиятини бошлади. 2012 йилда у президент Франсуа Олланд ҳузуридаги бош котиб ўринбосари этиб тайинланди. Икки йил ўтиб бу лавозимдан кетди ҳамда 36 ёшида Франция иқтисодиёт, саноат ва рақамли технологиялар вазири бўлди.
Макрон давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиши ҳақида 2016 йилнинг ноябрида маълум қилди. Аввалроқ, ўша йилнинг апрелида у En Marche! ("Олға") ҳаракатига асос солди. Макрон бир йил давомида ундан ҳеч ким кутмаган ишни қила олди – жамоатчилик сўровларида кутилмаганда етакчи позицияга чиқиб олди.
Кампания

Сайловларнинг биринчи тури 23 апрель куни бўлиб ўтди, унинг натижаларига кўра, президентлик курсиси учун курашни 24,01 фоиз овоз тўплаган Макрон ва ўнг “Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пен (21,3 фоиз овоз) давом эттирди.









