Жаҳон | 12:42 / 26.05.2017
12099
2 дақиқада ўқилади

Хитойда Ички Мўғулистон полицияси собиқ бошлиғи қатл этилди

Фото: РИА "Новости"

Хитой олий халқ суди жума куни Ички Мўғулистон мухтор тумани полицияси собиқ бошлиғи, собиқ сиёсий маслаҳатчи Чжао Липин қатл этилганини маълум қилди. У аввалроқ қотиллик жиноятини содир этиш ва коррупцияда айбдор деб топилганди, дея хабар бермоқда Синьхуа агентлиги.

Ўтган йилнинг февраль ойи бошида ХХР олий халқ прокуратураси собиқ амалдорга қотиллик, шунингдек, қурол-аслаҳани ноқонуний сақлаш бўйича айблов қўйди. Терговга кўра, 2015 йилнинг мартида Чжао Липин Чифэн шаҳрида бир кишини отиб ўлдирган. 2015 йилнинг июль охирларида эса у партиядан четлатилди. Шунингдек, Чжао Липин Хитой сиёсий маслаҳат халқ кенгашининг Ички Мўғулистондаги бўлинмаси раиси ҳам бўлган.

2016 йилнинг ноябрида Шаньси вилоятининг Тайюань шаҳри суди томонидан ўлим жазоси ҳақида ҳукм эълон қилинди. Суднинг аниқлик киритишича, 2008-2010 йиллар давомида у тахминан 3,5 миллион долларни ноқонуний равишда қўлга киритган. Кейинчалик олий халқ суди ҳукмни тасдиқлади ва ўзгартиришсиз қолдирди. 

Хитойда ўлим жазоси жиноят кодексининг кўплаб моддалари бўйича қўлланилади, аммо аксарияти – наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ. Сўнгги вақтларда эса коррупция учун ўлим жазосини бериш кескин кўпайди. 

Мавзуга оид