Жамият | 03:31 / 16.06.2017
26657
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев домла-имомларга миннатдорчилик билдирди

Юртимиз остонасига бостириб келаётган ёвуз хавф-хатарларнинг олдини олиш, уларга маърифат билан қарши курашишда, ҳеч шубҳасиз, дину диёнатимиз йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган муҳтарам домла-имомларимиз, барча диний ходимларнинг ўрни ва таъсири беқиёс. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев диний уламолар иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида шундай баёнот билан чиқди. 

"Сизлар инсон туғилганида чақалоққа азон айтишдан то уни сўнгги йўлга кузатишгача – бир умр у билан бирга бўласизлар. Яъни, ҳаётимиздаги барча яхши-ёмон кунларда доимо биз билан биргасиз.

Биз сизларнинг одамларни меҳр-оқибатга, ҳалолликка чақириш, ёшларни ахлоқ-одоб руҳида тарбиялаш, оилалар, маҳаллаларда тинчлик, ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича олиб бораётган савобли ишларингиз учун барчангиздан миннатдормиз. 

Айни пайтда бугун замон шуни талаб қиляптики, бу борадаги фаолиятимизни янада кучайтирмасак, унинг самарасини оширмасак, шунча қилган саъй-ҳаракатларимиз бекор кетади. Бундан буён ҳар бир имом-хатиб фаолиятига у иш олиб бораётган тумандаги диний вазиятга қараб баҳо берилади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Шайхонтоҳур тумани ва Андижон вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда муҳокама қилинган масалалар ва уларнинг ечими бўйича бошланган ишларни мамлакатимиз миқёсида кенг тарғиб этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. 

Мен ўзим кўп жойларда эшитаман, имом-хатибларимизнинг маъруза ва суҳбатлари, афсуски, кўпинча фақат тор диний мавзу билан чекланиб қолади", - деди давлат раҳбари.

Ҳолбуки, одамларда шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғусини, соғлом эътиқодни кучайтиришга асос берадиган жуда кўп мисолларни бугунги ҳаётимиздан истаганча келтириш мумкинлиги қайд этилди.

"Мисол учун, биргина “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури доирасида 300 дан зиёд чора-тадбир белгиланган бўлиб, уларнинг ижроси учун 37,7 триллион сўм ва 8,3 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаш кўзда тутилган. 

Дастур доирасида 2017 йилда қишлоқ жойларда 15 мингта янги намунадаги арзон, такрор айтаман, арзон уй-жойлар барпо этилади. Ўзингиз яхши тушунасиз, бу дунёда уйга муҳтож бир одамга бошпана қуриб бериш ҳам динимизда катта савоб иш деб баҳоланади. 

Шу маънода, бундай олижаноб анъаналар халқимиз ҳаётида ҳеч қачон тўхтаб қолмагани, давлатимиз томонидан бугунги кунда янада кенг миқёсда давом эттирилаётганини айтиб ўтиш жоиз, деб ўйлайман. 

Юртимизда тадбиркорлик соҳасида яратилаётган қулай шароитлардан фойдаланиб, ёшларни ўз мустақил ишини очишга даъват қилиш – бу ҳам динимиз буюрган яхши амаллардан бири.

“Дилинг – Оллоҳда, қўлинг – меҳнатда бўлсин” деган даъват буюк Баҳоуддин Нақшбанд бобомиз томонидан айни шу мақсадда айтилган, десак, ўйлайманки, адашмаган бўламиз", - деди Шавкат Мирзиёев.

Шу ўринда бу йил қишлоқ жойларда яна бир ибратли тажрибани бошлангани, яъни, ғалладан бўшайдиган 1 миллион 15 минг гектар ерда такрорий экинлар экиш учун рухсат берилгани қайд этилди. Бу ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп. Мақсад – ер бекор турмасин, одамлар даромад олсин. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Буларнинг барчаси халқимиз учун, унинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш учун қаратилганини англаш албатта қийин эмас. 

"Энг муҳими, улар муқаддас динимиз даъват этадиган эзгу ишларга ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг эканини сиз, азизлар айниқса чуқур тушунасиз ва қадрлайсиз, деб ўйлайман.

Биз ўз йўлимизда қандай хавф-хатарга дуч келмайлик, уни фақат мустаҳкам иродамиз, дину диёнатимиз билан енга оламиз. 

Биз қандай маррага эришмоқчи бўлсак, унга фақат она юртимизга меҳр-муҳаббат, садоқат ва фидойилик билан эришамиз. Биз эркин ва фаровон келажагимизни қурмоқчи бўлсак, фақат мард ва олижаноб халқимиз билан бирга барпо этамиз.

Ишончим комил, бу ҳақиқатни бугун барчамиз чин юракдан ҳис қилиб турибмиз. Истардимки, шу буюк туйғу амалий ишларимиз, фаолиятимизда асосий мезон бўлсин.

Шу йўлда Оллоҳ таоло барчамизга доимо мададкор бўлсин, куч-ғайрат ато этсин!", - дея сўзларига якун ясади Президент.

Мавзуга оид