Google компаниясининг собиқ дизайн этикаси собиқ раҳбари Тристан Ҳаррис iOS ва Android ДТда ишлайдиган телефонларни ҳақиқатда иш берадиган қурилмага айлантириш ва ижтимоий иловаларни бесамар бошқаришларга вақтни сарфламаслик борасида тавсияларини берди.

Тўғрисини айтганда, смартфонлар инсонга берилган энг қимматли нарса – вақтни ўғирлайди. Масалан, электрон почта иловаси янги мактубдан хабар берди: унга кўра, мен кимдир Facebook саҳифасида нимани қайд этганини билишим шарт экан. Экранни очиб, суратни кўраман. Бўлди, иш тамом. Аммо 5 сония вақт кетди. Аммо, мен ўз ишимга 5 сонияда қайтмайман, балки тахминан 1200 сониядан кейин қайтаман. 

«Оҳ, мана бу аҳмоқликка изоҳ қолдирмаса бўлмайди… Мана бу жозибадор чўққилар қаерда экан-а?... мени ушбу пресс-турга чақиришмади… Ҳаммангиз суратларингизни Prisma орқали намойиш қилиш билан жонга тегдингиз!..» — орадан 20 дақиқа ўтибди ҳамки иш шу ҳолича турибди, аммо мен ҳамкасбларим ва танишларимнинг нима тановул қилгани, янги смартфонни кимга синовга бергани-ю, кимга бермагани,— шу сабабли кимлардир сен-менга боргани ва ким дам олиш куни қаёққа боришини билиб олдим.

Facebook ўрнида «ВКонтакте», Instagram ёки янги ўйин ҳам бўлиши мумкин, аммо юқоридаги ҳолат бир-бирига ўхшаш-ку, тўғрими? Хўш, мен кераксиз ахборотни билиш, виртуал жанг ёки бошқа бир иш учун иш вақтимнинг 20 дақиқасини онгли равишда ҳавога совурган бўлармидим? Йўқ, албатта. Мени кимдир шундай қилишга мажбурладими? Наздимда йўқ. Унда нима юз берди?

Рақамли «эътибор иқтисодиёти»да бизни ўз сайти, иловаси ёки ўйинида кўпроқ вақтимизни олишни уддалаганлар бой ва машҳур бўлади. Маҳсулот инсонни қанчалик кўп ушлаб турса, уни ишлаб чиқарувчиларда шунчалик пул ишлаш имконияти кенгаяди. Диққатни жалб қилиш бутун бир фанга айлангани ажабланарли эмас. У бизларни бошқаришда психология, социология ва нейробиология фанларини баробар қўллайди.

Тристан Ҳаррис 2016 йил бошигача Google компаниясининг «дизайн этикаси» ва «маҳсулот фалсафаси»ни бошқарган, бироқ 2016 йил январида ўзининг Time Well Spent  —  «Яхши сарфланган вақт» ташкилотини бошқариш учун компанияни тарк этган эди. TWS мақсади  —  IT-компанияларни ҳозирги «яширин» жалб қилиш усулларидан воз кечиш зарурлигига ва инсонларга технологияларни ўз фойдасига қўллашда кўмак беришга ишонтиришдир. 

Ҳаррис Medium платформасидаги блогида турли хил кераксиз дастурлар ва ўйинларга вақтни сарфламаслик учун смартфонни қандай қилиб созлаш ҳақида ҳикоя қилади. 

Ахир, Facebook ёки Instagram саҳифангиздаги навбатдаги «ёқди» тугмачаси сабаб ҳузур гормони дофамин кўпроқ ишлаб чиқарилади ҳамда бош мияда хушвақтлик ҳисси кучаяди. Қуйидаги тавсиялар Ҳаррис блогидаги маслаҳатлар, TED конференцияларидаги чиқишлари ва бошқа манбалардан асосида тайёрланган.