Жаҳон | 21:00 / 21.07.2017
6104
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған ГФР ҳукуматининг "қора рўйхат" ҳақидаги баёнотини инкор этди

фото: AFP 2017 / Tobias Schwarz

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Германия иқтисодиёт вазири Бригитте Циприснинг баёнотини инкор этди. Циприс Туркияда терроризмга кўмак беришда гумон қилинаётган немис компанияларининг "қора рўйхати" борлигини айтган эди.  

Рейтер агентлигининг хабар қилишича, Германия иқтисодиёт ва энергетика вазири Бригитте Циприс мамлакат ҳукумати Туркияда бизнес олиб борувчи ва асоссиз айбловлар сабабли "обрўли немис компаниялари тўсатдан терроризмни қўллаб-қувватловчилар "қора рўйхати"га киритилаётганлар"ни ҳимоя қилишини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, бу Туркияда янги бизнес юритиш ва сармоя киритишни қийинлаштиради. 

"Германия иқтисодиёт вазирининг бизнинг иқтисодиётга сармоя киритаётган сармоядорларни қўрқитиш мақсадида айтган баёнотини қатъий равишда қоралайман. Туркияда немис компанияларига қарши тергов ишлари олиб борилаётгани ҳақидаги хабар бутунлай ёлғон. Энг яхши лойиҳаларни биз Германия компаниялари билан бирга амалга оширамиз. Бизда хорижий компаниялар "қора рўйхати" борлигини исботлашга таклиф этаман. Сиёсий муаммолар келади, кетади. Иқтисодий муносабатлар эса қолади", — деган Эрдўған хорижий сармоядорлар билан Истанбулда ўтказган учрашувида. 

У, шунингдек, Германиянинг Туркияга сайёҳлик қилиш хавфли экани ҳақидаги огоҳлантириши асоссиз ва ғаразли эканини қўшимча қилган. У Берлинни Германияда яширинган FETO ва Курдистон ишчи партияси аъзоларини топширишга чақирган. 

Германия ТИВ раҳбари Зигмар Габриэль эса, 20 июлда ГФР Анқарага нисбатан иқтисодий сиёсати, кредит ва сармоявий дастурларини қайта кўриб чиқишини айтганди. Бунга Туркияда ҳуқуқни ҳимоя қилувчи фаолларнинг ҳибсга олингани сабаб қилиб кўрсатилди. Туркия ташқи ишлар вазирлиги Габриэль баёнотини икки мамлакат ўртасидаги инқирозни чуқурлаштирувчи омил деб баҳолади. 

Мавзуга оид