Иқтисодиёт | 14:56 / 21.07.2017
13368
2 дақиқада ўқилади

Сеул: КХДР иқтисодиёти санкцияларга қарамай тез суръатларда ривожланмоқда

Фото: AFP

Шимолий Корея иқтисодиёти 2016 йилда сўнгги 17 йил ичида энг тез ривожланиш кўрсаткичига эришди. Жанубий Корея Республикаси Марказий банкининг 17 июлда берган баёнотига кўра, мамлакат ядро қуроллари дастурига нисбатан жорий қилинган халқаро санкцияларга қарамай, шундай натижага эришган. Бу ҳақда dailysabah.com нашри ёзмоқда

КХДР Ялпи ички маҳсулоти 2016 йилда 2015 йилга нисбатан 3,9 фоиз ўсган. 2015 йилда йилнинг қурғоқчил келиши ва хом ашё нархининг арзонлиги КХДР иқтисодиётига зарар келтирган, дейилади Корея банки хабарида. 

Асосий савдо ҳамкори Хитой давлати ҳисобланган Шимолий Корея, шунингдек, экспорт миқдорини 4,6 фоиз оширишга муваффақ бўлган. Жумладан, тоғ-кон ва электр энергияси ишлаб чиқариш соҳаси катта натижаларга эришмоқда. 

2016 йилда аҳоли жон бошига ялпи миллий даромад эса 1,136 долларни ташкил этган. Бу Жанубий Кореядаги рақам билан таққослаганда атиги 5 фоизга камдир. 

КХДР иқтисодий кўрсаткичларига доир маълумотларни ошкор қилмайди. Жанубий Корея Марказий банки 1991 йилдан буён турли ҳукумат агентликлари, хусусан, Жанубий Корея Бирлашиш вазирлиги ҳамда Миллий разведка хизмати маълумотларига таянган ҳолда шундай ҳисоботларни юритади. 

2016 йил якунларига кўра, Шимолий Корея умумий ташқи савдосининг 92,5 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. 

Бироқ бу йил КХДР иқтисодиёти ўтган йилги натижани қайтара олмаслиги мумкин. Бунга Хитой томонининг ушбу мамлакатдан кўмир импортини тақиқлашга қарор қилгани сабаб бўлади. 

Умуман, 2016 йилда Шимолий Корея ялпи ички маҳсулоти 28,50 млрд долларга тенг. Жанубий Кореянинг ўтганйилги бу борадаги кўрсаткичи 1,34 трлн долларни ташкил этган.

Мавзуга оид