Light | 18:35 / 18.08.2017
42861
5 дақиқада ўқилади

Қуёшдан ҳимояловчи энг қимматбаҳо 10 кўзойнак

Энг машҳур аксессуарлардан бири - қуёшдан ҳимояловчи кўзойнаклар - ўз эгаси ҳақида кўп нарсаларни айтиб бериши мумкин. Кўзойнаклар илк марта ўтган асрнинг 20-йилларида урфга айлана бошлаган - дастлаб кино юлдузлари ва спортчилар, кейинроқ эса оддий одамлар орасида. Қора кўзойнакларнинг асосий роли кўзни қуёш нурларидан ҳимоялаш бўлган, албатта, энди эса бу охирги омил. Бугун бу аксессуар - ўзига хос услуб ва ҳашамат белгиси. Шу боис баъзи кўзойнакларнинг нархи қанчалик қиммат туюлмасин, уларнинг харидорлари барибир топилади. Trendymen шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Bentley Platinum

Нархи - 45 276 доллар

Бу кўзойнакнинг номи унинг қандайлигига ишора қилади. Унинг нархи бир неча ўн минг доллардан арзон бўлиши мумкин эмас. Улар машҳур Bentley автомобиллари ишлаб чиқарувчиси ҳамда Eyede Eyede томонидан ҳамкорликда тайёрланади. Шундай экан, агар сизда Бентли бўлса, кўзойнакнинг бошқа моделдагисини харид қилиш - уят. Кўзойнак тўлиқ платинадан ишланган, лекин оқ ва сариқ тилладан тайёрланадиган тежамкор вариантларга буюртма бериш имкони ҳам бор.

 

Gold and Wood 253 Diamond

Нархи - 55 000 доллар

Жаҳонга машҳур бренднинг бу модели ўз қийматини қимматбаҳо тошлар борлиги билан оқлашга ҳаракат қилади. Кўзойнак гардишида 253 та олмос тош мавжуд. Шу боис уни авлоддан авлодга ўтувчи қимматбаҳо буюм сифатида харид қилиш ҳам мумкин. Бундай кўзойнакда соҳилга бориш тавсия этилмайди, атрофингизда соқчиларингиз бўлса, бошқа гап.

 

Bulgari Flora

Нархи - 59 000 доллар

Ушбу кўзойнаклар юлдузлар орасида машҳур бўлиб, жуда нафис ва жиддий шакли билан ажралиб туради. Бу уларни бизнес-ҳамкорлар билан учрашувларга ва иш бўйича тадбирларга тақиш имконини беради. Кўзойнак гардиши олмос, оқ олтин ва кўкиш ёқутлардан ишланган.

 

Maybach The Diplomat I

Нархи – 60 000 доллар

Яна бир таниқли автомобиль ишлаб чиқарувчиси Бентлининг изидан бориб, шахсий кўзойнаклар линиясини ишлаб чиқарди. Бу тўғри йўл, чунки Майбах эгалари рулга қуёшдан ҳимояловчи муносиб кўзойнак билан ўтиришлари керак. 174 та олмос ва оқ олтиндан ишланган гардиш бунинг учун айни муддао.

 

Luxuriator Style 23 Canary Diamond

Нархи – 65 000 доллар

Қуёшдан ҳимояловчи Luxuriator кўзойнаклар коллекцияси Лос-Анжелесдаги машҳур Jewelry by Franco заргарлик компанияси томонидан яратилган. Кўзойнак гардиши тилла ва фил суягидан ишланган бўлиб, 132 та олмос билан безатилган. Линзалари эса жойига қараб рангини ўзгартира олади.

 

CliC Gold 18 Carat Gold Sport

Нархи – 75 000 доллар

CliC Gold – кўзойнаклар ишлаб чиқарувчилари орасида жуда машҳур бренд, у 30 йилдан буён шу бозорда фаолият юритади. У ўқиш учун энг қиммат кўзойнакларни ишлаб чиқариши билан ҳам танилган. Компаниянинг қуёшдан ҳимояловчи спорт услубидаги кўзойнаклари ажойиб дизайнга эга бўлиб, юқори сифатли олтиндан ишланган.

 

Cartier Panthere

Нархи – 159 000 доллар

Картье – таниқли брендлардан бири, унинг қимматбаҳо аксессуарлари ҳашамат белгиси ҳисобланади. Бренд бир неча йил илгари оқ олтинли гардиш ва пантерали Panthere кўзойнакларини ишлаб чиқарди. Кўзойнак гардиши 561 та олмос ва 645 та кўк ёқут билан безатилган.

 

Shiels Jewellers Emerald

Нархи – 200 000 доллар

Shiels Jewelers - заргарлик саноатидаги яна бир машҳур ном. Австралия компаниясига 1945 йилда Жек Шиелс томонидан асос солинган бўлиб, унинг бугунги кундаги энг қизиқ маҳсулотларидан бири ушбу зумрад кўзойнаклардир. Муаллифларни Рим императори Нерондан илҳомланиб, бу кўзойнакларни яратишган. Нерон гладиаторлар жангини кузатишда зумрадлардан фойдаланарди. Зумрад тошларни линзага айлантириш учун 5 йил керак бўлган, уларнинг гардиши эса тилладан ясалган ва олмослар билан безатилган.

 

Dolce & Gabbana DG2027B

Нархи – 383 609 доллар

Италия бренди ўзининг нафис, нозиктаъб ва ҳаддан ташқари қиммат буюмлари билан машҳур. Шу боис дунёдаги энг қиммат кўзойнаклардан бирининг мазкур  брендга тегишли экани табиий ҳол. Бренд номи кўзойнакка олмослар билан туширилган.

 

Chopard De Rigo Vision

Нархи – 408 000 доллар

Ва ниҳоят, дунёдаги энг қимматбаҳо кўзойнак - Швейцариянинг соат ва заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчи Chopard маҳсулоти. Уларнинг энг қиммат нархланишига эса гардишдаги 60 грамм олтин ва катта ўлчамдаги 51 та олмос сабабдир.

Мавзуга оид