Ўзбекистон | 22:24 / 21.08.2017
35176
10 дақиқада ўқилади

Ички бозорда пиёз ва бошқа сабзавот маҳсулотлари танқислиги олдини олишга қаратилган қарор имзоланди

21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти "2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш учун талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини ўз муддатида етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 3230-сонли қарорни имзолади. Бу ҳақида Президент матбуот хизматида маълум қилинди. 

Аҳолини эрта баҳорда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўла қондириш, бозорларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш учун 2017 йил август-сентябрь ойларида пиёз ва саримсоқпиёз экинлари ҳамда ноябрь-декабрь ойларида сабзавот экинларининг экспортбоп ва юқори ҳосилли навларини тўқсонбости усулида қисқа муддатларда экиш, агротехника тадбирларини ўз вақтида ўтказиш, уларга талаб этиладиган моддий-техника ресурсларини етказиб бериш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши, “Ўзбекозиқовқатҳолдинг” компанияси, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини турлари бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туманларида 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини турлари бўйича жойлаштиришнинг прогноз кўрсаткичлари 1а-1л-иловаларга мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда барча тоифадаги хўжаликларда 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида етиштириладиган сабзавот маҳсулотларининг прогноз кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини экиш учун талаб этиладиган уруғлик, минерал ўғит ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳажмлари ҳисоб-китоби 3-иловага мувофиқ маъқуллансин.

2. 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини жойлаштириш, экиш, етиштириш, етиштирилган маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга сотиш ишларини ташкил этиш бўйича республика комиссияси (кейинги ўринда - Республика комиссияси деб аталади) таркиби 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Республика комиссияси (Мирзаев) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 8 августдаги ПҚ-3182-сон қарори билан тасдиқланган 4та сектор раҳбарлари билан биргаликда:

2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари экиладиган майдонларни шудгорлаш, экишга ер тайёрлаш, очиқ майдонлар ва боғ-ток қатор ораларига экиш ишларини тизимли ташкил этишни;

август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида экилган сабзавот экинларини эрта баҳорда озиқлантириш, суғориш, парваришлаш, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш билан боғлиқ агротехник тадбирларнинг оптимал муддатларда бажарилишини назорат қилиш ва мониторинг юритишни;

талаб этиладиган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва бошқа моддий ресурсларни ўз вақтида етказиб берилишини, етиштирилган маҳсулотни ички ва ташқи бозорларга сотишни, қилинган харажатларни қоплаш ишларини мувофиқлаштириб боришии;

август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида экилган сабзавот экинларидан олинадиган маҳсулотларга фермер хўжаликлари билан экспорт қилувчи ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида контрактация шартномалари тузилишини, олдиндан аванс тўловлари ва якуний тўловларни амалга оширилишини;

эрта баҳорда етиштирилган маҳсулотларни 2018 йилнинг март ойидан бошлаб ички бозорлар ва Тошкент шаҳар ярмаркаларига етказиб бериш бўйича режа-жадвалларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни бажарилишини назорат қилишни;

ҳар ойда икки марта август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларни сифатли қилиб экиш, етиштириш, ички ва ташқи бозорларга сотиш ишларини танқидий муҳокама қилиб боришни таъминласин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларнинг экилишини тизимли ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича вазирликлар ва идоралардан ҳамда республика тижорат банкларидан бириктирилган ишчи гуруҳ таркиби 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликларига:

а) жорий йилнинг 25 августига қадар ҳудудларнинг тупроқ-иқлим, сув таъминоти шароитларини инобатга олган ҳолда август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экин турларини фермер ва деҳқон хўжаликлари кесимида жойлаштирилишини туман ҳокими қарори билан тасдиқлаш;

б) экинлардан бўшаган майдонларни тозалаш ва ер тайёрлашни ташкил қилиш, экин турларини фермер ва деҳқон хўжаликлари кесимида жойлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида;

в) август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинлар тўқсонбости экинларни экиш ва парваришлаш ишларини моддий-техника ресурслари, шу жумладан уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларини мувофиқлаштириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ҳамда вилоятлар ҳокимларининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида ишчи гуруҳлар ташкил этиш:

2017 йил 25 августгача фермер ва деҳқон хўжаликларига юқори сифатли уруғликларни дориланган ва сертификатлар мавжуд бўлган тақдирда камида 50 фоиз ҳақини олдиндан тўлаш шарти билан етказиб берилишини таъминлаш;

2017 йил 10 сентябргача фермер хўжаликлари билан Тошкент шаҳар ярмаркалари, тайёрлов ва экспорт қилувчи ташкилотлар ўртасида тузилган контрактация шартномаларига мувофиқ маҳсулот етиштирувчиларга шартнома қийматининг 40 фоизидан кам бўлмаган миқдорда аванс маблағларини тўлаб бериш чораларини кўриш вазифалари юклансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари 2017 йилнинг 10 сентябрига қадар фермер ва деҳқон хўжаликлари билан улгуржи харидорлар, шу жумладан тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи ташкилотлар, агрофирмалар, савдо харид корхоналари ўртасида контрактация шартномаларини тузилишини якунлаш ва белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилишини таъминласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фермер ва деҳқон хўжаликлари билан улгуржи харидорлар, шу жумладан тайёрлов, қайта ишлаш ва экспорт қилувчи ташкилотлар, агрофирмалар, савдо харид корхоналари ўртасида тузилган шартномаларни бажаришда қонунчиликка риоя қилиниши юзасидан тизимли назорат олиб борсин.

7. Август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларни тўлиқ ҳажмларда экилиши, кўзланган ҳосил олиниши, етиштирилган маҳсулотни белгиланган мақсадларга ишлатилишига Республика комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари масъул эканликлари белгилаб қўйилсин.

8. “Ўзбекозиқовқатҳолдинг” компанияси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2018 йил ҳосили учун август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида экиладиган сабзавот экинлари учун республикада етишмайдиган уруғликларни хориждан олиб келиш ва белгиланган тартибда жойларга етказиб берилишини таъминласин.

9. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик жамияти, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига ўн кун муддатда август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларни экиш учун талаб этиладиган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ва минерал ўғитларни давлат эҳтиёжлари учун маҳсулот етиштирувчи қишлоқ хўжалик корхоналарига етказиб бериладиган нархларда етказиб бериш вазифаси юклансин.

Экинларни экиш ва уларни парваришлаш учун ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари республикада шаклланган нархларга 10 фоизгача устама қўйилиши орқали таъминлаб берилишига розилик берилсин.

10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари тижорат банклари билан биргаликда тўқсонбости усулида сабзавот экинларни экиш ва унинг агротехникасини амалга ошириш учун талаб этиладиган кредитларни маҳсулот етиштирувчи ва харид қилувчи ташкилотларга бир ой муддатда ажратилишини ташкил этсинлар.

11. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамияти, “Ўзбекозиқовқатҳолдинг” компанияси:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда жорий йилнинг 25 августигача август пиёзи ва саримсоқпиёз, 10 ноябргача тўқсонбости усулида сабзавот экинларини экиш ҳамда агротехникаси бўйича кўргазмали-амалий ўқув-семинари ўтказишни;

бир ой муддатда республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда очиқ майдонларга, боғ ва ток қатор ораларига август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинлари навлари бўйича жойлаштириш, экиш ва парваришлаш бўйича илмий асосланган тавсияларни ишлаб чиқсин ва улар жойларга етказилишини ташкил этсин.

12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан биргаликда август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини етиштириш бўйича илғор тажрибалар ва унинг иқтисодий самараси тўғрисида оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш тавсия этилсин.

13. Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Ўзбекистон Фермерлари кенгаши билан биргаликда август пиёзи ва саримсоқпиёз ҳамда тўқсонбости усулида сабзавот экинларини экиш ишларини доимий мониторингини юритган ҳолда, тўлиқ экилиши юзасидан назорат ўрнатсин ҳамда 2017 йил 25 декабрига қадар фермер ва деҳқон хўжаликлари кесимида инструментал ўлчовдан ўтказсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З.Т. Мирзаев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва туманлар ҳокимлари зиммасига юклансин.

Мавзуга оид