Ўзбекистон | 11:46 / 18.09.2017
14405
3 дақиқада ўқилади

Германиянинг собиқ элчиси йўл ҳаракати қоидалари, туризмдаги камчиликлар ва ортиқча бюрократизм ҳақида

15 сентябрь куни ўз миссиясига якун ясаган Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси Найтхарт Хёфер-Виссинг оммавий ахборот воситалари учун матбуот анжумани ташкил этди. Элчи матбуот анжуманида Ўзбекистондаги фаолияти ва таассуротлари ҳақида ўртоқлашди ҳамда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берди.

У мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ижобий баҳолади ва келгусида савдо-иқтисодий алоқалар янада ривожланишига умид билдирди. 

Найтхарт Хёфер-Виссинг шунингдек, анжуман давомида Ўзбекистонда айрим соҳаларда учрайдиган камчиликларга ҳам ўз муносабатини билдириб ўтди. Унинг фикрича, туризм соҳасида сайёҳлар оқимини ошириш учун виза олиш тартибини осонлаштириб, ортиқча бюрократизм ва сарсонгарчиликларга чек қўйиш керак. 

«Айрим ҳолларда хориждан ташриф буюрган дипломатик вакиллар белгиланган муддатда мамлакатни тарк этолмай қолса, уларга жарима солиниб, учиб кетишига рухсат берилмайди. Баъзан бир соатга кечга қолинса ҳам, учиш бекор қилиниб, ортиқча қоғозбозлик талаб қилинади. Фикримча, хориждан иш юзаси бўйича келган дипломатик корпус вакиллари, давлат идоралари ходимлари учун бу масалада бироз енгиллик яратиш керак».

Элчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон Осиё мамлакатлари орасида катта туризм салоҳиятига эга давлат, бироқ хорижлик сайёҳларни жалб этиш учун янгича инфратузилмани ишлаб чиқиш керак. Ўзга мамлакатда саёҳат қилиб юрган инсон одатий ҳаёт тарзини ўзгартиришга мажбур бўлмаслиги, ўзини эркин, қулай ҳис этиши лозимлиги таъкидланди. 

«Фикримча, Ўзбекистонда йўл-ҳаракати қоидаларини қайтадан ислоҳ қилиш керак. Кўпинча одамлар манзилга тез етиб боришга ошиқиб, бошқаларга йўл беришмайди. Натижада, катта тирбандликлар юзага келади. Балки машиналарда тез ва тартибсиз ҳаракатланишга бензиннинг нархи арзонлиги сабабдир. Агарда электромобиллар ишлаб чиқарилиши бошланса, юқоридаги муаммонинг ҳам олдини олишга ёрдам беради. Бунинг учун эса янги инфратузилмалар керак», деди Германия элчиси.

Элчи сўзи якунида, юқорида билдирилган барча фикрларни танқид эмас, балки тавсия, маслаҳат ўрнида қабул қилинишини сўради. 

«Ўзбекистондан илиқ хотиралар билан қайтмоқдаман. Бу ерда одамларнинг меҳмондўст, бағрикенг, тинчликсевар экани менда катта таассурот қолдирди», дея қайд этди Найтхарт Хёфер-Виссинг.

Найтхарт Хёфер-Виссинг  Ўзбекистонга элчи сифатида 2014 йилнинг январь ойида ташриф буюрган бўлиб, тўрт йил ичида у дипломатик миссиясини аъло даражада амалга оширди.

Мавзуга оид