Фан-техника | 21:10 / 16.10.2017
11160
2 дақиқада ўқилади

Хитой коинот станцияси Ерга назоратсиз тушмоқда

Фото: independent.co.uk

Хитойнинг Tiangong-1 (Осмон саройи) коинот станцияси Ер томон ҳаракатланмоқда ва у борган сари тезлашмоқда. Бу ҳақда DailyMail нашри хабар берган.

Мутахассисларнинг тахмин қилишларича, 8,5 тонналик станция бир неча ойдан кейин Ерга тушади. У орбитасидан оғишган ва бу омил ҳам унинг тезлашишига сабаб бўлган.

Таъкидланишича, Хитой коинот агентлиги станция устидан назоратни 2016 йил бошида қўлдан чиқарган. Бироқ агентлик вазият ортидан кузатмоқда ва бирор бир хавф туғилажак бўлса, бу ҳақда огоҳлантиришга ваъда берган. Станциянинг катта қисми атмосферада ёниб кетиши кутилмоқда, бироқ унинг оғирлиги 100 кг гача келадиган бўлаклари Ер сиртигача етиб келиши ва жиддий талофатлар етказиши мумкин.

Маълум қилинишича, станция бўлаклари қачон ва қаерга тушиши номаълум бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, 19 октябрда Собиқ иттифоқда яратилган "Молния-1-44" сунъий йўлдошининг Ерга қулаши кутилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, сунъий йўлдошнинг атмосферада ёниб улгурмаган бўлаклари ерга тушиши мумкин. Унинг оғирлиги 1,5 тоннани ташкил қилади. Ҳисоб-китобларга кўра, коинот қурилмасининг бўлаклари Атлантиканинг жанубий қисмига қулайди. 

Россия космонавтика академияси академиги Александр Железняковнинг айтишича, сунъий йўлдош атмосферада буткул ёниб кетади. "Молния" русумидаги сунъий йўлдошлар катта серияларда учирилган, шу сабабли орбитадан тез-тез чиқиб туради. Одатда улар атмосферада йўқ бўлиб кетади. Ергача фақат 500 граммлар атрофидаги бўлаклари етиб келиши мумкин", деб айтмоқда олим.

NASA коинот агентлиги маълумотларига кўра,  сунъий йўлдошнинг илк марта назоратсиз қулаши юз берган 1957 йилдан бери Ер атмосферасига 20 мингдан кўпроқ шундай объектлар кирган, бироқ расмий маълумотларга кўра, уларнинг бирортаси Ер аҳолисига зиён етказмаган. 

Мавзуга оид