Light | 20:30 / 16.10.2017
105561
6 дақиқада ўқилади

Кўзлар саломатлигига оид 11 тавсия

Фото: Dreamstime

Кун давомида кўзларимизга катта юк тушади. Кўриш қобилиятини узоқ йиллар давомида сақлаб қолиш учун улар ҳақида қайғуришимиз керак бўлади. "Лайфхакер" мавзуга доир маслаҳатлари билан бўлишди.

1. Кўз машқларини бажаринг

Компьютер экрани қаршисида кўп вақт ўтказсангиз, иш куни ўртасида кўзларнинг чарчаши ва уларнинг қуришини сезган бўлсангиз керак - ахир, мониторга тикилиш давомида биз кўзларимизни икки баробар кам пирпиратамиз.

Монитор кўз даражасидан бироз пастроқда, тахминан 60 сантиметр узоқликда жойлашган бўлиш керак. Экрандаги нур кўзларда акс этмаслиги учун ҳимоя қопламасидан фойдаланинг.

Ҳар 20 дақиқа кўз машқларини бажаринг. Бунинг учун 20 сония давомида компьютердан тахминан 6 метр узоқликда жойлашган бирор предметга тикилиб қараб туринг.

2. Доим қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақинг

Ультрафиолет нурлар нафақат тери, балки кўзлар учун ҳам зиёндир. У катарактадан то саратон касаллигигача келтириб чиқариши мумкин.

Кўзларни ультрафиолет нурларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш учун қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак ёки махсус линза тақиш керак. Ҳатто булутли кунда ҳам кўзойнак тақишни унутманг, зеро қор, сув, қум ва асфальт ультрафиолет нурларни акс эттиради.

3. Ҳимояловчи кўзойнакдан фойдаланинг

Кўзларга нафақат ишлаб чиқариш корхоналарида, балки уйда ҳам хавфсизлик қоидаларига риоя қилинмаган ҳолатларда шикаст етказиш мумкин. Кўзларга майда заррачалар тушиши ёки кимёвий элементлар таъсиридан ҳимоялаш учун кўзойнакдан фойдаланинг. Спорт билан шуғулланиш учун, масалан, сузиш, чанғида учиш ёки баскетбол билан шуғулланиш давомида ҳам ҳимояловчи кўзойнакдан фойдаланган маъқул. У кўзга шикаст етишининг олдини олишга ёрдам беради.

Ҳимояловчи кўзойнак линзалари поликарбонатдан тайёрланган бўлиши керак. Поликарбонат бошқа материалларга нисбатан 10 карра юқори зарбга чидамли бўлади.

4. Рационингизга юрак ва кўз учун фойдали маҳсулотлардан қўшинг

Қон айланишини яхшиловчи маҳсулотлар сизни соғлом юрак ва ўткир кўзлар билан таъминлайди. Қатор маҳсулотлар орасидан цитрус мевалар, кўкатлар ва дон маҳсулотлари ҳам шундайлар сирасига киради. Цинк миқдори юқори бўлган маҳсулотлар: ловия, нўхат, ёнғоқлар, устрицалар, ёғсиз қизил гўшт ёки парранда гўшти ҳам ультрафиолетдан зарар етишининг олдини олишда ёрдам беради.

Сабзи ва бошқа сариқ ҳамда апельсинранг маҳсулотлар таркибидаги бета-каротин кўзлар учун жуда фойдалидир. Бета-каротин организмимизда A витаминига айланади, бу витаминнинг етишмовчилиги эса кўриш қобилиятидаги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Лютеин ва зеаксантин кўз учун фойдали моддалардир. Улар кўкатлар, шпинат, карам ва бошқа баргли сабзавотларда бўлади.

5. Кўзлардаги оғриқларга бефарқ бўлманг

Совуқ компресс, антигистамин препаратлар ёки кўз томчилари кўзларнинг қизариши ва қичишида ёрдам беради. Агар кўзингизга худди қум киргандек бўлса, уларни совуқ сув ёки изотоник аралашма билан ювиб ташланг.

Агар белгилари ўтиб кетмаса, кўзлар шишиб, оғриса ёки ёруғликка таъсирчан бўлиб қолса, у ҳолда ўзбилармонлик қилиб даволанмасдан, тиббий ёрдамга мурожаат қилган маъқул.

6. Контакт линзаларни парваришланг

Линзаларни ушлашдан олдин албатта қўлларингизни ювинг. Линзаларни олгандан кейин уларни дезинфекциялаш зарур. Бунинг учун сифатли аралашмалардан фойдаланинг. Контакт линзаларни кўрсатилган муддатига қараб алмаштириб туриш керак бўлади.

Сузиш ҳавзаси ёки очиқ сув ҳавзасига тушмоқчи бўлсангиз, шунингдек кучли кимёвий воситаларни қабул қилмоқчи бўлсангиз, линза тақманг. Уйқу олдидан линзаларни ечишни унутманг.

7. Умумий саломатлигингизни назорат қилинг

Кўриш қобилияти билан боғлиқ бўлмаган турли касалликлар кўзларга шикаст етишига сабаб бўлиши мумкин. Масалан, юқори қон босими ёки қандли диабет кўзларга қон етиб келишини қисқартиради. Иммун тизимидаги бузилишлар ҳам кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун жиддий касалликларингиз бўлса, кўзлар саломатлигига ҳам эътиборли бўлинг.

8. Доривор препаратлар қўлланмасини диққат билан ўқинг

Баъзи дори воситаларининг кетма-кет қабул қилиниши кўриш қобилиятида муайян муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Препаратларни қабул қилишдан аввал уларнинг эҳтимолий салбий таъсирлари билан танишиб чиқинг. Дори қабулидан кейин кўзларда қуруқлик, ёруғликка сезувчанлик, кўриш қобилиятининг хиралашиши ёки кўзларнинг шишишини сезсангиз, шифокорга мурожаат қилинг.

9. Эски косметикадан фойдаланманг

Кўз макияжи учун мўлжалланган суюқлик ва крем кўринишидаги косметика воситаларида кўзларга зиён етказиши мумкин бўлган бактериялар тез пайдо бўлади. Очилган косметика воситаларидан уч ой ичида фойдаланиш керак. Қўллаш муддати ўтиб кетган косметикадан фойдаланманг.

Макияж қилишдан аввал ва уни ўчиргандан кейин юзни яхшилаб тозалаш керак. Бировларнинг косметик воситаларидан фойдаланманг. Агар аллергияга мойил бўлсангиз, фақат ўзингизга тўғри келувчи, синалган воситаларни қўлланг.

10. Мунтазам равишда кўзларингизни текширтиринг

Ҳатто кўзойнак тақмасангиз ҳам окулистга кўриниб туриш керак. 18-60 ёшдагиларга икки йилда бир марта кўриш қобилиятини текширтириш тавсия этилади. Агар ёшингиз 60дан ошган бўлса, контакт линзалардан фойдаланинг, диабет ёки юқори қон босимидан азият чексангиз ёхуд оилангиздаги катталардан бири кўриш қобилиятидаги муаммоларга эга бўлса, ҳар йили кўзларни текширтириб туриш керак.

11. Чекишни ташланг

Чекиш организмнинг умумий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади, шу жумладан кўзлар саломатлигига ҳам. Чекиш катаракта, кўзларнинг қуриши каби касалликларнинг пайдо бўлиш хавфини оширади. Чекиш шунингдек қон айланиш  тизимида тромблар ҳосил бўлиши ва артериялар спазмини келтириб чиқаради.

Бу нафақат юрак хуружини келтириб чиқариши, балки кўриш қобилиятидан маҳрум бўлишгача олиб келиши мумкин. Чекишни қанча тез ташласангиз, унинг асоратларидан жабрланиш хавфи шунча кам бўлади.

Мавзуга оид