Жамият | 18:35 / 17.11.2017
7341
3 дақиқада ўқилади

Давлат ташкилотлари ахборот хизматларига семинар-тренингда ОАВ билан ишлаш принциплари бўйича билимлар берилди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги томонидан Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси ҳамкорлигида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ахборот хизматлари ходимлари учун ташкил этилган семинар-тренинг туркуми якунланди. 

60 нафарга яқин ахборот хизмати ходимлари иштирок этган семинар-тренингдан кўзланган мақсад давлат тузилмаларининг очиқлиги ва фуқаролар олдида ҳисобдорлигини таъминлаш, фуқаролар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янада самарали фаолият юритиш учун уларнинг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари билан ишлаш сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилди.

Бугунги кунда ахборот хизматларининг фаолияти такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, ахборот хизматлари салоҳиятини ошириш учун ташкилий-ҳуқуқий асослар мустаҳкамланиб, техник имкониятлар оширилмоқда. Сўнгги пайтларда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида жойлаштириб келинаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ва бошқа маълумотлар қабул қилинаётган ҳужжатларнинг сифати, аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва онгини оширишга хизмат қилмоқда. 

Ўзбекистон Республикасининг «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Қонуни нормаларининг амалиётга тадбиқ этилаётгани аҳоли, медиа тузилмалар, жамоат ташкилотларининг давлат органлари ахборот манбаларидан кенг фойдаланиш имконини яратди.

Семинар-тренинг доирасида иштирокчилар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида ахборот ишининг ўзига хос жиҳатлари, матбуот хизматларининг асосий мақсад ва вазифалари, турли ОАВ билан ишлаш принципларини муҳокама қилиш, пресс-релиз тайёрлаш қоидалари, матбуот анжумани ва брифинглар ўтказиш каби қатор муҳим масалалар бўйича назарий билимларга эга бўлдилар.

Шунингдек, уларга амалий машғулотлар ташкил этиш, медиалойиҳалар тайёрлаш, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга оширишда ахборий-сиёсий технологияларни қўллаш, ахборот хизматлари фаолиятини ташкил қилишга доир қонунчилик шарҳи, ахборот хизматлари томонидан жамоатчилик ва ОАВ вакиллари учун тадбирлар ташкил этишнинг самарали услублари, ташкилот томонидан кўрсатилаётган электрон давлат хизматлари ва уларнинг тарғиботига доир долзарб масалалар, ахборот хизматлари фаолиятида интернет ва мултимедиявий технологияларни қўллаш ва бошқа бир қатор масалалар бўйича зарур маълумотлар берилди.

Тадбир якуни бўйича тест имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган иштирокчиларга ташкилотчиларнинг махсус дипломлари топширилди.

Мавзуга оид