Жамият | 11:05 / 19.11.2017
19343
2 дақиқада ўқилади

Олтинкўлда  замонавий деҳқон бозори ишга тушди

“Қайси юртнинг фаровонлигини кўрмоқчи бўлсангиз бозорларига назар солинг” дейишади. Дунёнинг турли бурчакларидан келган ҳар қандай меҳмон  тупроғи тиллога тенг заминимизда етиштирилган мевалар билан тўлиб тошган бозорларимизни кўриб, катта таассуротларга эга бўлади.

Айни пайтда бозорларимиз замонавий кўринишда қад кўтараётгани ҳам таҳсинга лойиқ. Андижон вилоятида яқин уч йил давомида 21 та ана шундай замонавий типдаги гипермаркет, супермаркет ва минимаркетлар қурилиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

Олтинкўл туманида бугунги кун талаби асосида қурилган “Оқтепа деҳқон бозори” савдо мажмуасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Деҳқон бозорида 2,5 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилиб, бунинг натижасида  80 ўринли минимаркет ва 50 ўринли очиқ савдо расталарида аҳолига хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Энди аҳоли томорқаси ва фермер хўжаликларида етиштирилган мева ва сабзавотларни туманнинг барча маҳаллаларида ташкил этилган агрофирмалар орқали қабул қилиб, мазкур савдо шахобчасида сотиш имконияти туғилди.

Савдо мажмуасининг очилиш маросимида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этиб, йиғилганларни деҳқон бозорининг ишга туширилиши билан қутлади.

KUN.UZ мухбири Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид