Жаҳон | 14:40 / 03.12.2017
7171
2 дақиқада ўқилади

NASA биринчи марта ракетадан қайта фойдаланишга рози бўлди

Фото: Hi-news

Бу NASA учун ҳақиқий тарихий воқеа бўлиши керак, зеро Америка аэрокосмик агентлиги биринчи марта навбатдаги космик миссия доирасида истеъмолдан чиққан Falcon 9 ракетасини қўллашга рози бўлди. Уни ишга тушириш 8 декабрь, жума кунига мўлжалланган. SpaceX ракетаси ёрдамида орбитага 2,5 тонна фойдали юкни олиб чиқиш режалаштирилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, SpaceX учун бундан аввал фойдаланилган ракетани қўллаш янгилик эмас, компания SES, Space Systems/Loral, Iridium ва Исроилнинг Spacecom компанияларга шундай хизматларни тақдим этиб, уч марта шу ишни амалга оширган, бироқ бу сафар мижоз ўзининг консерватив қарашлари билан машҳур NASA агентлигининг ўзи ҳисобланади. Бундан аввалги истеъмолда бўлган ракетадан фойдаланиб, орбитага фойдали юк олиб чиқиш билан боғлиқ барча стартлар бирор эксцессларсиз кечган. 

Spaceflight Now порталининг хабар беришича, NASA миссияни бир неча кун аввал тасдиқлаган, бироқ бундай қарорга келиш агентлик учун осон бўлмаган. NASA муҳандислари қайта тиклаш ва синов жараёнларини диққат билан кузатишган. 

"Ракета тезлатгичининг баъзи қисмлари қайта таъмирдан чиқарилиб, янгиларига алмаштирилди. Улар амалга оширилиши керак бўлган текширувларнинг батафсил рўйхатини тақдим этишди. У барча вазифаларни яхши уддалади. Ракета қайта ишга туширишга тайёр", - дея изоҳ берди кенгаш раиси ўринбосари Уильям Герстенмайер NASA маслаҳатлашув кенгашининг космик парвозлар масаласига бағишланган учрашувида. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид