Технология | 01:38 / 15.12.2017
15704
6 дақиқада ўқилади

Ҳашаматли виллалардан то Boeing 747'гача: Хитойликларнинг онлайн-кимошди савдосига қўймаган нарсаси қолмади

Фото: Reuters

Taobao — Хитойнинг Alibaba электрон коммерция титани бошқарувчи онлайн-бозор — анчадан бери деярли ярим миллиард харидор арзон озиқ-овқат, кийим-кечак ва турли гаджетларни сотиб олувчи савдо майдони. Бироқ бу ерда мутлақо бошқа даражадаги таклифлар ҳам мавжуд.

Сўнгги йилларда Хитой судлари, давлат банклари ва активларни бошқарувчи компаниялари ҳам Taobao'га мурожаат қилишмоқда. Уларнинг мақсади —  Paimai очиқ кимошди савдоси орқали муаммоли кредитлар бўйича гаров таъминоти бўлиб хизмат қилувчи буюмларга харидор топиш. Масалан, ҳашаматли автомобиллар ва виллалар, шунингдек юзлаб миллион юанлик қайтарилмас қарзларга, зеро мамлакат тез ўсиб бораётган қарзлар билан курашишнинг кўпроқ бозорга йўналтирилган усуллари билан тажриба қилмоқда.

Фото: Taobao

Хитойнинг қарзлар билан шуғулланувчи энг йирик компанияларидан бири — Ҳонконгдаги China Cinda Asset Management. Бугунги кунда у Цзянрсудаги икки 530 миллион юанлик (81 миллион доллар) пўлат заводларини кимошди савдосига қўйди. Хитойнинг Hua Xia банки Шанхай филиали Гаундун провинциясидаги 645 минг юанлик (98 минг доллар) квартирасини сотмоқда. Ҳар ойнинг йигирманчи санаси — Taobao'нинг маҳаллий органлар учун банд қилинган махсус куни. Бу куни мусодара қилинган автомобиллар, заргарлик буюмлари ва ҳашаматли соатлар кимошди савдоси ўтказилади.

 

Boeing'лар савдоси

Сабрсиз харидорлар сайтдан ҳар қандай буюмларни сотиб олиш учун навбатга туришади. Ўтган йили Хитойнинг S.F. Express ташувчи хизмати Taobao'да Шэньчжэндаги активларни бошқариш компанияси томонидан ташкил қилинган кимошди савдосида 42 миллион долларга икки Boeing 747 самолётини харид қилди.

Кимошди савдолари фақат корпоратив ва идоравий харидорлар билангина чекланиб қолмайди. Paimai каналининг умумий ахборот саҳифасида ёзилишича, ҳар қандай инсон Taobao'да миллий идентификатор билан рўйхатдан ўтгач, савдоларни йўлга қўйиши, шу билан бирга, сотувчиларнинг талабларига мувофиқ депозит киритиши мумкин. Агар савдо муваффақиятли амалга ошмаса, депозитлар уч кун ичида қайтарилади.

Фото: Taobao

"Хитойдаги электрон савдога назар ташлайдиган бўлсак, табиийки, Alibaba савдо майдонлари энг машҳурларидан бири ҳисобланади: уларда тўловлар ва ҳар қандай транзакцияларни қайта ишлаш технологиялари нуқтаи назаридан инфратузилма мавжуд", - дейди Шанхайдаги  KapronAsia консалтинг компанияси асосчиси Зеннон Капрон.

 

Ошиб бораётган қарзлар

Ва бу ҳаммаси эмас... Taobao маълумотларига кўра, 3 мингдан зиёд Хитой суди ва бир неча ўнлаб маҳаллий банк филиаллари уларнинг кимошди савдосига қўшилган. Ушбу онлайн-пойганинг сабаби - 1,64 триллион юань (246 миллиард доллар) ҳажмдаги муддати ўтган кредитларда. Сўнгги йилларда бу рақамлар ошиб бормоқда, зеро иқтисодий ўсишнинг секинлашуви муносабати билан кўп компаниялар ўз қарзларини қоплай олмаган. Бу эса маҳаллий банклар ва судлар томонидан музлатилган ёки мусодара қилинган активлар сонининг кескин ошишига олиб келди. Жорий йилнинг охирги етти ойида Хитой судларида банкротликка доир 4700 иш кўриб чиқилган, бундай ишлар сони 2013 йилдан буён ўсиб келмоқда. "Хитой судлари банкротлик ҳақидаги ишни кўриб ўрганувчи зарур кадрларга эга эмас", - дейди Хитойнинг Цинхуа Университети молиявий фанлар профессори. "Банкларга келадиган бўлсак, муаммоли активлар одатда жуда паст ликвидликка эга. Муассасалар мусодара қилинган активларни Интернетга жойлаб, анча кўп харидор жалб қилиши мумкин".

Хитой судлари, хусусан, Paimai Taobao каналини етарлича самарали деб ҳисоблайди. Улар 2012 йилдан Taobao'да 610 мингдан зиёд кимошди савдосини ўтказишган ва 640 миллиард юань (70 миллиард доллар) суммалик активларни сотишган.

Фото: Reuters

"Акциялар ва облигациялардан фарқли ўлароқ, муаммоли активлар билан савдо қилиш керакли текширувларни талаб қилади, бу бундай усул чакана сармоядорларга тўғри келмаслигини билдиради", - дейди Шанхайдаги Хитой-Европа халқаро бизнес мактаби профессори Оливер Руи. Унинг сўзларига кўра, ёмон активлар катта муаммоларни келтириб чиқаради. Шу боис улар сармоя киритиш мумкин бўлган, жамият учун стандарт савдо қилинувчи маҳсулот ҳисобланмайди.

Alibaba вакилининг айтишича, қизиқиш билдирган харидорларга "харид ҳақида таклиф киритишдан аввал активларни шахсан текшириб чиқиш" тавсия этилади. Компания шартнома шаффофлигини кафолатлаш учун "аниқ савдо жараёнлари ва муайян депозит талаблари"га эга.

Бу вақтда бошқалар Хитойнинг кўп компаниялари кенгаяётгани ва улар кўпроқ активларни қўлга киритиши зарурлигини инобатга олиб, бундай онлайн-кимошди савдоларини узоқ истиқболли тенденция сифатида кўришмоқда. "Бу муаммоларни ҳал қилишнинг ажойиб усули, - дейди KapronAsia компанияси асосчиси. - Мен Paypal орқали Boeing 747 харидини тасаввур ҳам қила олмайман, бироқ Хитой саноатида бизнес юритишнинг анъанавий усулларидан чекинишни кўзда тутувчи кенг кўламли ўзгаришлар рўй бермоқда".

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид