Жаҳон | 10:58 / 16.12.2017
3306
2 дақиқада ўқилади

Бразилияда 2018 йилги сайловлар туфайли ёзги вақтга ўтиш кейинга қолдирилади

Бразилия ҳукумати 2018 йилда ёзги вақтга ўтишни мамлакатда 2018 йил октябрида ўтадиган умумхалқ сайловлари сабабли кейинга қолдиришга қарор қилди. 15 декабрда Globo телеканалининг маълум қилишича, мамлакат президенти Мишел Темер имзолаган тегишли қарор 18 декабрда ҳукуматнинг Diario oficial расмий нашрида чоп этилади.

Бразилияда ёзги вақтга ўтиш мамлакатнинг жанубий, жануби-шарқий ва шимоли-ғарбий штатларида амалга оширилади. Қолган штатлар соат стрелкаларини йилнинг энг иссиқ фасли – ёз келганда сурмайдилар. Жорий йилда Бразилиянинг 27 штатидан 11 таси 15 октябрда ёзги вақтга ўтганди. 2018 йилда ҳам соат стрелкалари октябрда сурилиши керак эди. Бироқ Бразилиянинг Олий сайлов суди раиси Жилмар Мендес президентга ёзги вақтга ўтишни кейинроққа қолдириш илтимоси билан мурожаат қилган.

Бундан мақсад сайловларда овозларни ҳисоблаш ва натижаларни эълон қилишда ушланишлар бўлмаслигидан иборат. Мендеснинг тушунтиришича, Бразилияда бир нечта вақт пояси мавжуд бўлгани сабабли ғарбий штат Акрида ёзги вақтда овоз бериш жанубий ва жанубий-шарқий штатларда овоз бериш бюллетенлари ҳисобланиши бошланганидан кейин тугайди. Темер бу далилларга рози бўлган ва 2018 йилда соат стрелкалари 4 ноябрда бир соатга олдинга сурилиши ҳақидаги фармонни имзолаган. 

Кишки вақтга ўтиш аввалгидек қолади. Бразилияда президентликка, парламентга ва губернаторликка умумхалқ сайловлари 2018 йил 7 октябрда бўлиб ўтади. Унинг ғолибларини аниқлаш учун 28 октябрда яна бир тур ўтказилади.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид