Жаҳон | 20:41 / 17.12.2017
11319
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони уран разведкасига старт берди

Фото: CC BY-SA 4.0 / B.alotaby /

Саудия Арабистони углеводородлар ўрнига муқобил энергия манбаларини ривожлантириш дастури доирасида уран разведкасига киришди. "Ал-Оказ" газетаси қиролликнинг Геология бошқармаси раҳбари Зоҳир Нувабнинг сўзларига асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

"Хаил провинциясида уран рудалари ва торий захиралари разведкаси ва уларни баҳолашга доир лойиҳа бўйича ишлар бошланди. Лойиҳа икки йилга мўлжалланган бўлиб, у Геология бошқармаси ва қирол Абдулла номидаги атом ва қайта тикланувчи энергетика илмий маркази, шунингдек, хитойлик мутахассислар жамоаси иштирокида ўтказилади", - деди Нуваб.

Унинг сўзларига кўра, мазкур лойиҳа мамлакатдаги кенг кўламли геологоразведка доирасида валиаҳд шаҳзода буйруғига биноан амалга оширилмоқда. Унда Саудия қиролининг шу йилнинг март ойида Пекинга ташрифи давомида имзоланган шартномага мувофиқ, Хитой миллий атом корпорацияси мутахассислари ҳам иштирок этишмоқда. 

Бошқарма раҳбарининг таъкидлашича, қироллик топилган захиралардан ҳарбий мақсадларда фойдаланмайди.

2015 йилда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол-Сауд мамлакатни 2030 йилгача ривожлантиришга доир иқтисодий дастури ҳақида эълон қилган. Мазкур дастур мамлакатнинг нефтга қарамлигидан воз кечишни кўзда тутади.

Мавзуга оид