Ўзбекистон | 22:30 / 04.01.2018
10325
2 дақиқада ўқилади

Хорижий давлатларда кўргазмаларини ўтказишга мўлжалланган товарларни олиб чиқиш тартиби  соддалаштирилди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 29 декабрь куни "Хорижий давлатларда кўргазма тадбирларини ўтказиш учун мўлжалланган товарларни олиб чиқиш тартибини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3451-сонли қарорни имзолади. Унга кўра:

1. 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектларига хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш учун мўлжалланган қиймати 5 минг АҚШ долларигача бўлган товарларни экспорт шартномасини тузмасдан ҳамда божхона юк декларациясини расмийлаштирмасдан, товарларнинг юк ҳужжатларига мувофиқ олиб чиқишга рухсат этиладиган бўлди. Президентнинг "Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сонли қарорига иловада қайд этилган товарлар бундан мустасно. 

2. Ушбу қарорнинг 1-бандига мувофиқ олиб чиқиладиган товарларни сотишда тадбиркорлик субъектлари уларни сотишдан тушадиган маблағларни Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларидаги ўз ҳисобрақамларига, шу жумладан банк ўтказмалари, шунингдек, хорижий валютадаги нақд пул шаклида киритиш ҳуқуқига эга.

3. Тадбиркорлик субъектлари хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазмаларда (ярмаркаларда) намойиш этиш учун мўлжалланган товарларни олиб чиқишда кесиб ўтиладиган чегара божхона постини хорижий давлатлардаги кўргазмада (ярмаркада) уларнинг иштирок этиши режалаштирилаётган, тадбир ўтказиладиган жой, унинг муддати ва вақти, шунингдек олиб чиқиладиган товарлар (номи, миқдори ва қиймати) тўғрисида хабардор қилади. 

Божхона органига тақдим этиладиган маълумотларнинг ишончлилиги юзасидан тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларига мувофиқ  жавоб беради.

Мавзуга оид