Ўзбекистон | 19:14 / 07.01.2018
106846
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Ўзбекистондан кимлар ҳажга биринчи бўлиб кетишини маълум қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан учрашиб, маъруза қилди. Давлат раҳбари ўз нутқида вилоятда диний-маърифий ишлар масаласига ҳам тўхталди. У вилоятдаги қайси миллатга тегишли бўлишидан қатъиназар барча қабристонларни обод қилиш ташаббуси билан чиқди. Мирзиёев, шунингдек Ислом динининг бешинчи аркони – Ҳаж ибодати хусусида ҳам ўз фикрларини билдирди.

“Ислом тўғрисида, динимизнинг поклигини БМТ минбарида, Ислом ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти йиғилишларида айтдим. Имом ал Бухорий маркази, Тошкент Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академиясини ташкил этдик. 

Мана ҳажга боришади. Бутун дунёдан боради. Ўзбекистондан ҳажга борганлар ўтганида маданият ва илмнинг ҳиди келиши керак. Кечирасизлар, Ҳаж ибодатми, тижоратми? 50 фоизи тижорат учун бораяпти, улар боболаримизни шарманда қилаяпти. 

Алҳамдулиллоҳ, ҳаммамиз мусулмонмиз. Ҳажга бориш учун энди рўйхат бўлмайди. Мен 2 минг қўшиб бердим, лекин керак бўлса, минг кишини юбораман. Кимни юбораман? Ким масжидга кириб, Қуръондан 2 сурани ўқиб бериб, шу маҳалла, шу кўчадаги адашганни мен зиммамга оламан, у адашган бўлмайди, менинг ибодатимнинг шукроналиги шу бўлади, деса, биринчи бўлиб, шу одам кетади. 

Бир-биримиз билан илмда, билимда мусобақа қилайлик. Фан доктори Имом ал Бухорийнинг фалон китоби фалон бандини ташвиқ қилса, қандай яхши бўлар эди. Буни ким қилади? Ўзимиз қиламиз”, - деди Президент Мирзиёев. 

Мавзуга оид