Ўзбекистон | 16:48 / 16.01.2018
16786
2 дақиқада ўқилади

Содиқ Сафоев: Конвертация жиддий баҳс-мунозаралардан кейин жорий қилинди

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг маълум қилишича, Ўзбекистон миллий валютасининг эркин конвертациясини жорий қилишдан аввал энг юқори даражада муҳокамалар бўлган. Сафоев Олий Мажлис Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган матбуот брифингида шу ҳақда маълум қилди. 

“Мурожаатнома 2017 йилдаги фаолиятга ўзига хос якун бўлди. Албатта, ўтган йил мобайнида жуда кўп нарса қилинди. Давлат бошқаруви тизимида жиддий кескин ўзгаришлар амалга оширилмоқда. У шаффоф ва халққа ҳисобот берадиган бўляпти. 

Албатта, ислоҳотларнинг асосий иқтисодий соҳада амалга оширилаяпти. Ички ва ташқи сармоядорлар, ҳамкорлар бу жараённи катта қизиқиш билан кузатмоқда. Иқтисодиётдаги жиддий ўзгаришлар кескин тебранишларга сабаб бўлишидан хавотирлар билдирилганди. Бунда жон бор. Ҳақиқий ислоҳотлар ҳеч қачон бир текис кечмайди. Улар кимнингдир манфаатларига зид келади. 

Шунга қарамай, кўп нарсага эришиш мумкин бўлди. Ўзбекистон тобора экспортга йўналган мамлакатга айланиб бормоқда. Валюта бозори либераллашуви мамлакат олтин-валюта захираларини тугатади, деган фикрлар билдирилганди. Бироқ амалда экспорт-импорт амалиётларида ижобий сальдога эришилди. Бу салкам 854 млн доллардир”, - деди Содиқ Сафоев.

У, шунингдек валюта бозорини либераллаштириш қарори ҳам осонликча қабул қилинмагани, жиддий муҳокамалар бўлганини билдирди. 

“Сўмни эркин конвертация қилиш режаси, тан олиш керак, энг юқори даражадаги жиддий баҳс-мунозаралардан сўнг жорий этилди. Унинг оқибати ёмон бўлишини, хаосга олиб келишини билдирганлар ҳам бўлди. Шунга қарамай, бу молиявий амалиётнинг тарафдорларининг фикрлари, вазиятни диққат билан таҳлил қилиш, бу борада халқаро экспертларнинг маслаҳатларини ҳам олиш ва конвертацияга жиддий тайёргарлик кўриш ижобий самара берди. Бунинг натижасида олтин-валюта захираси 1,1 млрд доллар ўсишига олиб келди”, - деди Сенат раиси биринчи ўринбосари.

Мавзуга оид