20:50 / 18.01.2018
7969

Эрдўған 16 ёшли Ал-Қудс курашчисини қабул қилди

Фото: Anadolu

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған фаластинликларнинг Ал-Қудсдаги Исроил мустамлакасига қарши кураш рамзига айланган 16 ёшли Фавзи Ал-Жунайдийни қабул қилди. 

Ўсмир Туркия давлат раҳбари билан учрашувга отаси Муҳаммад Ал-Жунайдий билан ташриф буюрди. 

Анқарадаги Президент қароргоҳида бўлиб ўтган учрашувда шунингдек Туркия бош вазири Биноли Йилдирим ҳам иштирок этди. Суҳбат илиқ муҳитда ўтди. 

Президент Эрдўған Фавзи Ал-Жунайдийга "Анадолу" агентлиги версияси бўйича "Йил суратлари"ни аниқлаш бўйича онлайн-овоз беришда қатнашгани ҳақида сўзлаб берди. 

Давлат раҳбари "Янгиликлар" туркумида "Анадолу" мухбири Висам Хашламуннинг Фаластинда олган "16 ёшли кураш рамзи" сурати учун овоз берганини қайд этди. 

Мухбир Фавзи Ал-Жунайдийнинг қўлга олиниш вақтини суратда акс эттирган - унда ўсмир кўзлари ва қўллари боғланган ҳолатда Иордан Ғарбий қирғоғида ишғол қилинган Ал-Ҳалил шаҳри кўчалари бўйлаб олиб кетилмоқда.

"Бу сурат танловда ғолиб бўлди. Мендан овоз беришни сўрашди ва мен айнан шу суратни танладим", - деди Эрдўған.

2017 йилнинг 6 декабрида АҚШ президенти Дональд Трамп Ал-Қудсни Исроил пойтахти деб тан олиш қарорини қабул қилганидан кейин Фаластинни норозилик намойишлари қамраб олди. 

2017 йилнинг 7 декабрида исроиллик ҳарбийлар гуруҳи 16 ёшли Фавзи Ал-Жунайдийга ҳужум қилди. Воқеа Ал-Ҳалил шаҳрида рўй берган. Ўсмирни шафқатсизларча калтаклаб, кейин Офер турмасига олиб боришган.

Ярим асрдан буён давом этиб келаётган Ал-Қудснинг Исроил томонидан ишғол қилиниши Дональд Трампнинг шаҳарни мамлакат пойтахти деб эълон қилиш қароридан кейин янги босқичга чиқди.

Top