Жаҳон | 23:05 / 22.01.2018
3656
2 дақиқада ўқилади

БААда барча уйлар ёнғин сигнализация тизими билан таъминланади

БАА вице-президенти ва бош вазири, Дубай ҳукмдори шайх Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум мамлакат фуқаролик мудофааси хизматлари амирликдаги барча уйларда ёнғин сигнализация тизимларини ўрнатишларини маълум қилди.

Бундан аввал Амирликнинг Фужайра шаҳридаги хонадонлардан бирида йирик ёнғин содир бўлгани ва бунинг натижасида бир оиланинг 7 нафар фарзанди ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

"Биз БАА фуқаролик мудофаа хизматларига барча уйларини зарур ёнғин тизимлари билан таъминлаш тўғрисида  кўрсатма бердик. Тизим уйларни тўғридан-тўғри фуқаролик мудофааси билан бирлаштиради. Ҳукумат етарлича маблағи бўлмаган кишиларнинг уйларига тизимларни ўрнатиш харажатларини ўз зиммасига олади", - деб ёзади шайх Муҳаммад ўзининг Twitter саҳифасида. 

13 ёшдан 5 ёшгача бўлган 7 нафар боланинг ҳаётига зомин бўлган ёнғин душанба куни эрталаб содир бўлган. Фуқаролик мудофаа хизматига уйдаги тутун ҳидидан уйғонган онадан қўнғироқ келиб тушган. Ўт ўчирувчилар воқеа рўй берган жойга етиб боришганида болалар ҳаётдан кўз юмиб бўлганди. Ёнғин сабаблари ўрганилмоқда. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид