09:20 / 22.01.2018
8910

Том Круз ва Жонни Депп номзоди «Олтин малина» антимукофотига қўйилди

Фото: Alfredo Estrella

Том Круз, Жонни Депп, Марк Уолберг ва бошқа актёрлар номзоди «Олтин малина» антимукофотига қўйилди, ғолиблар номи 3 март куни, «Оскар» мукофотларини топшириш маросимидан аввал маълум қилинади.

Мукофот ташкилотчилари номзодлар номини анъанавий равишда ҳазил аралаш видеороликда эълон қилишди. Видеоролик бу сафар «одамлар соғлиғи ва атроф-муҳитга хавфли бўлган элементларни йўқотиш»га бағишланди. 

«Заҳарли актёрлик ижроси» номинациясига «Мўмиё» фильми учун Том Круз, Жейми Дорнан («Элликта қоронғуроқ ранг»), Марк Уолберг («Трансформерлар: сўнгги рицарь» ҳамда «Салом, дада, Янги йил! 2»), Жонни Депп («Кариб денгизи қароқчилари: Мурдалар эртак сўзламайди») ва Зак Эфрон («Малибу қутқарувчилари») даъвогарлик қилмоқда. «Заҳарли ижро» номинациясида номи қайд этилган актрисалар орасида Дакота Жонсон («Элликта қоронғуроқ ранг»), Кэтрин Хайгл («Васваса»), Эмма Уотсон («Сфера»), Женнифер Лоуренс («Она!») бор.

«Йилнинг энг ёмон картинаси» номинациясида «Эможи фильм», «Трансформерлар: сўнгги рицарь», «Элликта қоронғуроқ ранг», «Мўмиё», «Малибу қутқарувчилари» бор.

«Олтин малина» антимукофоти ҳар йили «Оскар» мукофотларини топшириш маросимидан аввал берилади. «Олтин малина» лауреатлари тилла ранг қопланган пластик малина билан тақдирланади. Мукофот қиймати беш доллардан камроқни ташкил этади.

Top