Ўзбекистон | 22:20 / 25.01.2018
8753
2 дақиқада ўқилади

«Қамчиқ» довонининг ҳар 20 километрида шошилинч тиббий ёрдам хизмати йўлга қўйилади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Президенти "Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги  қарорни имзолади. KUN.UZ мухбири Президент матбуот хизмати томонидан ташкиллаштирилган брифингда тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

2018 йилда шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди. Бундан мақсад - тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш муддатини қисқартириш.

Дастурга кўра, тез тиббий ёрдам хизмати ихтисослаштирилган автотранспорти замонавий тиббий ускуналар ва рақамли радиоалоқа воситалари, хусусан, рациялар ва қўшимча воситалар билан жиҳозланади. 

Шу билан бирга, шошилинч тиббий ёрдам тизимидаги кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими такомиллаштирилади. 

Бутун республика ҳудудида тез тиббий ёрдамни шошилинч чақиришга мўлжалланган, 24 соат ишлайдиган ягона телефон рақамининг узлуксиз фаолиятини таъминлайдиган Call-марказлар ташкил этилади ва уларда шифокорлар хизмат кўрсатади. 

Маълум қилинишича, "Қамчиқ" довонининг ҳар 20 километрида шошилинч тиббий ёрдам хизматлари йўлга қўйилади. 

Бундан ташқари, 2018 йилнинг 1 февралидан санитар штати мавжуд бўлмаган тақдирда,  тез тиббий ёрдам бригадалари ҳайдовчиларига уларга беморларни ташиш бўйича қўшимча равишда юклатилган функцияларни бажаргани учун тариф ставкасининг 30 фоизи миқдорида устама ҳақ тўланади.

Шуниси диққатга сазоворки, тиббиёт муассасалари раҳбарларини мазкур муассасалар томонидан шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам кўрсатиш асоссиз равишда рад этилгани учун маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонун ҳужжати лойиҳаси ишлаб чиқилиши кўзда тутилган. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид