Жаҳон | 19:32 / 26.01.2018
3252
2 дақиқада ўқилади

Чехияда президент сайловларининг 2-босқичи ўтмоқда

Фото: РИА Новости

26 январда Чехияда мамлакат президенти сайловларининг 2-тури бошланди. 26 январнинг иккинчи қисми ва 27 январнинг биринчи қисмида ўтадиган бу босқичда 1-босқичнинг икки ғолиби – 38,57 фоиз овоз тўплаган амалдаги президент Милош Земан ва 26,6 фоиз овоз олган, Чехия фанлар академиясининг собиқ раҳбари Иржи Драгош курашадилар.

Земан мусулмонларга қарши қарашларни очиқчасига қўллаб-қувватлайди. У аввалроқ 2015 йилги миграция инқирозини Европага “ташкиллаштирилган бостириб кириш” деб атаган ва мусулмонлар Европа давлатларига уйғунлашиб кета олмайдилар, деб ҳисоблайди. У шунингдек Россияга қарши санкциялар бекор қилиниши тарафдори ҳисобланади.

Драгош эса Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик ва Россияга қарши санкциялар сақланиб қолишини қўллаб-қувватлайди. У Прага Европа Иттифоқида фаолроқ роль ўйнаши керак деб ҳисоблайди ва Чехия томондан евронинг пул бирлиги сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди. 

Умуммиллий президент сайловлари Чехияда иккинчи марта ўтмоқда, 2013 йилгача мамлакат раҳбари парламентнинг икки палатаси депутатлари томондан сайланган. 2013 йилги сайловларда Земан 54,8 фоиз овоз билан ғолиб бўлганди.

Чехия президенти 5 йиллик муддатга сайланади.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид