Ўзбекистон | 14:08 / 26.01.2018
65733
4 дақиқада ўқилади

ФВВ Ўзбекистон аҳолисига мурожаат қилди

Ҳурматли фуқаролар, маълумки, қиш мавсумида ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши билан фуқароларимиз томонидан хонадонларни иситиш мақсадида турли хилдаги ёқилғи маҳсулотлари, ҳар хил турдаги иситиш ва газ ускуналаридан фойдаланишга бўлган эҳтиёж кундан кунга ошиб боради. Бу эса, ўз навбатида, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидалари талабларининг бузилиши натижасида хонадонларда табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига, фуқароларнинг ис газларидан заҳарланиб қолиш эҳтимолини ошишига олиб келиши мумкин.

Мисол учун: Сиз дам олаётган ёки тунаб қолган хонада йиғилган ис гази миқдори атиги 0,1 фоизни ташкил этган тақдирда, ундай ҳаводан 30 дақиқа давомида нафас олиш, инсонни ўлимга олиб келиши мумкин.

Қиш мавсумида консерваланган озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса, уй шароитида тайёрланган сабзавотлар консерваларининг истеъмоли ортиши табиий ҳол. Лекин, шуни унутмаслик керакки, уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулоти таркибида энг кучли овқатдан заҳарланишни келтириб чиқарувчи ботулизм касаллиги қўзғатувчиси бўлиши эҳтимоли жуда ҳам юқори бўлиб, заҳарланганларга қисқа фурсат ичида малакали тиббий ёрдам кўрсатилмаганда, 75-85 фоиз ҳолатларда заҳарланиш инсоннинг ўлимига олиб келади.

Мисол учун: ботулизм касаллигини келтириб чақирувчи ботулотоксин кобра илони заҳридан 20 000 баробар кучли ҳисобланади. Унинг атиги 1,0 грами 1,0 млн. кишини заҳарлаб, ўлдиришга етади.

Жойларда қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган ана шундай нохуш холатларнинг олдини олиш ишларининг самарадорлигини ошириш мақсадида ўзингиз ва яқинларингизнинг ҳаёти ва саломатлигини асраб қолиш учун қуйидаги оддий қоида ва тавсияларга амал қилишингизни сўраймиз:

Ис газидан заҳарланмаслик учун:

  • иситиш мавсуми бошланиши олдидан печлар, қозонхоналар, сув иситиш колонкаларининг созлиги, мўриконларининг тозалигини текшириб чиқинг;
  • носоз, ностандарт, қўлбола ясалган иситиш ва газ мосламаларидан фойдаланишга асло йўл қўйманг;
  • болалар ва имконияти чекланган кишиларни назоратсиз қолдирманг;
  • табиий газдан фойдаланишда турли хилдаги резина шланглар, турли хил газ сўргичлардан фойдаланманг;
  • чет давлатларда ишлаб чиқарилган иситиш мосламаларидан фақат йўриқнома билан яхшилаб танишиб чиққандан кейингина фойдаланинг.

Агар хонага табиий газ тўлиб қолганини сезиб қолсангиз:

  • газ плиталари ва иситиш печларини газ тармоғидан ўчиринг;
  • дарров эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатинг;
  • хонада электр жиҳозларини ёқманг, ёниқ бўлса, ўчирманг, чунки бу ёнғин ёки газ ва ҳаво аралашмасининг чақнашига сабаб бўлиши мумкин;
  • агар газ чиқаётган жойни ўзингиз аниқлай олмасангиз, 104 телефони орқали шаҳар ва туман газлаштириш идоралари авария таъмирлаш гуруҳларига қўнғироқ қилинг.

Сифатсиз консерваланган маҳсулотлардан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида:

  • уй шароитида помидор, бодринг, патиссон маринади, бақлажон икралари каби консерва маҳсулотларини тайёрламанг;
  • белгиланмаган жойлар, кўча-куйларда сотилаётган консерва маҳсулотларини харид қилманг;
  • уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини, айниқса, помидор ва бодринг маринадларини истеъмол қилишдан чегараланинг, акс ҳолда, консерваланган сабзавотлар маҳсулотлари суюқлигининг тиниқлиги ва мусаффолигига, сабзавотларнинг эзилиб қолмаганлиги, қопқоғини шишиб (бўртиб) чиқмаганлигига ҳамда эскириб қолмаганлигига алоҳида эътибор қаратинг;
  • агарда ўзингизда ботулизм касаллиги аломатлари (ҳолсизланиш, кўнгил айниши, қайд қилиш, оғиз қуриши, кўришнинг хиралашиши, буюмларнинг иккита бўлиб кўриниши, кўз қовоғининг осилиши, овоз бўғилиши)ни сезсангиз, дарҳол юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилинг.

Азиз фуқаролар, юқоридаги қоидаларга риоя қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз ҳаётини, мол-мулкингизни Фавқулодда вазиятлардан ва нохуш ҳолатлардан асраб қоласиз.

Мавзуга оид